Дин вакилларининг вазифалари

Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида вилоятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоятимиз шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган расмий жоме масжидларнинг имом-хатиблари иштирок этдилар.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш жараёнида муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишнинг ўзига хос самарали тизими яратилди.

Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимизга ташрифи чоғида бу борада олдинда турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Ҳокимликлар, депутатлар, фаоллар олдига аниқ вазифалар қўйди.

Йиғилишда аҳоли ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, фуқаролар, айниқса, ёшларни ёт ғоялардан сақлаш, улар ўртасида соф ислом дини таълимоти тарғиботини олиб бориш  дин уламолари олдидаги асосий масалалардан эканлиги айтиб ўтилди.

Ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этилаётган бузғунчи  ғояларнинг асл моҳиятини тушуниб етмаган айрим фуқаролар бу алдовларга кўр-кўрона эргашмоқдалар.

–Бундай ҳолатларнинг олдини олиш  инсон қалбининг покланишига боғлиқ, –дейди вилоят бош имом-хатиби Убайдулло Алиев. – Қалбни поклаш, уни бунёдкор ғоялар билан тўлдириш имомларимиз зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, инсоннинг юксак  тафаккур эгаси сифатида шаклланишида, маънавий дунёқарашининг кенгайишида, уни бойитишда, халқига, Ватанига садоқатли бўлиб камол топишида ислом динининг ўрни беқиёс. Йиғилишда масаланинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратилди.

Бугунги кун имомларимиздан замон билан ҳамнафас ҳаракат қилишлари, ислоҳотлардан ортда қолмасликларини талаб этади. Давлатимизда ислом дини ривожи учун  яратилган шароитлар  дин вакилларини ўқиш, изланиш ва келажакда буюк  ажодларига мос издошлар бўлиб камол топишларига хизмат қилади.

Йиғилишда вилоятда соғлом муҳитни шакллантиришда дин вакилларининг олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.