Анорчилик илмий асосда ривожланади

Президентимизнинг эзгу ташаббуси билан вилоятимизда мазкур тармоқ яна ўз мавқеини тиклаётгани нақадар қувонарлидир.

Айни пайтда анор етиштириш, чақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ва экотуризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашган агрофирманинг умумий майдони 300 гектардан ошади. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган бўлиб, анорзорлар тўлиқ ҳосилга кирганидан сўнг йилига 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

2018-2020 йилларда инвестиция дастури доирасида агрофирмага Исроил, Италия ва Голландиядан қадоқлаш, маҳсулот қабул қилиш, ювиш ва саралаш ускуналари, музлатгич агрегатлари келтириб ўрнатиш мўлжалланмоқда. Бу йилига 2 минг 400 тонна шарбат, 3 минг 600 тонна сараланган анор доначалари, 4 минг тонна қадоқланган анор тайёрлаш имконини беради.

Бундай изчил саъй-ҳаракатлар илғор инновацион технологиялар ва илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишни тақозо этади. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг яна бир эзгу ташабуси билан Фарғона давлат университетида анорчиликни ривожлантириш кафедраси ташкил этилди. Бу экспортбоп янги навлар яратиш, даромад манбаларини кўпайтириш ва малакали кадрлар салоҳиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мастура САЙФУДДИНОВА,

“Фарғона анорчилик” МЧЖ шаклидаги агрофирма раҳбари.