Қабул квоталари белгиланди

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига 2018/2019 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш бўйича қабул квоталари берилди.  Унга кўра, бакалавриатнинг “Тиббий профилактика иши” таълим йўналиши бўйича 75 та, “Олий ҳамширалик иши” таълим йўналиши бўйича 25 та, жами 100 та ўзбек ва рус гуруҳларига қабул режаси белгиланди.

ТТА Фарғона филиалига абитуриентлар хужжатларини қабул қилиш жорий йилнинг 15 июнидан 15 июлгача давом этади. Тест синовлари 1 августдан 15 августгача Давлат тест маркази томонидан  белгиланган кунда ўтказилади.

Ўзбекистон санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиалида ҳам 5 та таълим йўналиши бўйича қабул квоталари тасдиқланди. 2018/2019 ўқув йили учун филиалда “Режиссёрлик: мусиқали театр режиссёрлиги” йўналишига 5 та, “Актёрлик санъати: мусиқали театр актёрлиги” йўналишига 25 та, “Халқ ижодиёти: ашула ва рақс” йўналишига 10 та, “Халқ ижодиёти: чолғу ижрочилиги” йўналишига 10 та қабул амалга оширилади. Мазкур йўналишлар бўйича фақат ижодий имтиҳонлар ташкил этилиб, 11 июлдан 20 июлгача ўтказилади. “Ахборот-кутубхона фаолияти: кутубхоначилик ва библиография” йўналишига эса 20 та қабул белгиланган. Ушбу йўналиш бўйича давлат имтиҳонлари тест синовлари тарзида 1 августдан 15 августгача бўлган муддат оралиғида бўлиб ўтади. Белгиланган жами 70 та қабул квотасининг 17 таси давлат гранти, 53 таси тўлов-шартнома асосидадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқиш қабул қилиш тўғрисидаги” қарорига мувофиқ, олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг ҳар томонлама адолатли ва шаффоф ўтказилиши  юрт истиқболи учун муносиб мутахассис-кадрларнинг тайёрланиши йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.