Ободлик, фаровонлик ва истиқбол

Шу йилнинг 11 июнь кунидан Қўштепа туманида ўз фаолиятини бошлаган Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан туман аҳолиси билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб эзгу ташаббусларни рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман миқёсидаги корхона-ташкилотлар, дахлдор идоралар раҳбарлари иштирокида туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган энг устувор вазифалар белгилаб олинди. Шу асосда туман ҳар бир ҳудуди, маҳалласи кесимида алоҳида гуруҳлар фаолияти шакллантирилиб, ишга киришилди. Аҳолини қизиқтирадиган энг долзарб масалалар – ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, томорқадан самарали фойдаланиш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, тиббий кўриклар ўтказиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш каби соҳаларда самимий мулоқотлар ўтказилмоқда. Аниқланган муаммо ва масалалар, амалий таклифлар тааллуқлилиги бўйича “Йўл харитаси”га киритилиб, унинг ижроси жиддий назоратга олиняпти.

Республика ишчи гуруҳи ўрганиши натижасида дастлабки куннинг ўзида ҳудуддаги 18-умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш, Бойтўпи қабристонини ободонлаштириш, Булоқбоши кўчасидаги ичимлик суви ва зах сувини қочириш муаммосини ҳал этиш, аъло бахмали тўқувчи ҳунарманд-тадбиркор Шаҳодат Ҳомидовага имтиёзли кредит ажратиш каби масалалар ижобий ҳал этилди,-дейди Кўприкбоши МФЙ раиси Бахтиёр Каримов. – Шунингдек, ҳудудимиз аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш ва бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этиш ишлари ҳам белгиланди.

Республика ишчи гуруҳининг Қўштепа туманидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Суратни Ш. ҚОРАБОЕВ олган.