Фермернинг 110 тонналик хирмони

Ўзбекистон туманидаги “Назиржон улкан хирмони” фермер хўжалиги вилоятимизда биринчилардан бўлиб давлатга ғалла топшириш шартнома режасини бажарди

Ўзбекистон туманида 5885 гектар ерда парваришланган ғалла ҳосилини сифатли ва белгиланган муддатда йиғиштириб олиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.

Шу мақсадда 211 та фермер хўжаликларини қамраб олган ҳолда 22 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, уларга юқори унум билан ишловчи 22 та замонавий комбайнлар бириктирилди.

Бу борада тумандаги тўртта сектор раҳбарлари бошчилигида алоҳида гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, мавсумнинг барча юмушлари ўзаро ҳамжиҳатликда олиб борилиши таъминланмоқда. Ҳар бир фермер хўжалиги кесимида мутахассислар бириктирилди ва мавсумнинг ҳар бир қатнашчиси масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу йил 36 гектар ерда ғалланинг “Гром” навидан сифатли ва мўл ҳосил етиштириб, икки иш кунида шартнома режасини бажаришга муваффақ бўлдик,-дейди “Назиржон улкан хирмони” фермер хўжалиги раҳбари Назиржон Мамадалиев. – Натижада 8-9 июнь кунлари давлат хирмонига 110 тоннадан зиёд ғалла ҳосили топширилди. Ўз эҳтиёжимиз учун ортиб қолган ғалла эса мавсум якунида хўжалигимиз аъзолари учун тақсимлаб берилади.

Суратни Ш. ҚОРАБОЕВ олган.