Олий ўқув юртларига қабул – янги сифат босқичида

Мамлакатимизда малакали мутахассислар тайёрлаш тизими туб ислоҳотлар асносида янги сифат босқичига кўтарилмоқда.

Зеро, республика иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда сон ва таълим йўналишлари уйғунлигига эришиш, олий таълим муассасалари битирувчилари меҳнатидан фойдаланишни яхшилаш бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсадини ташкил этаётир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, янги 2018/2019 ўқув йилига қабул жараёнлари янги ва замонавий талаб-мезонлар асосида ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига кўра, аниқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган талаб-эҳтиёж, шунингдек, битирувчиларнинг танланган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги маълумотлари асосида 2018/2019 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари шакллантирилди.

Қарорда қайд этилганидек, 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69 200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича  17 654 нафар ва тўлов-контракт асосида 51 546 нафарни ташкил этса, магистрлар учун 5 903 нафар, шундан давлат грантлари бўйича 1 552 нафар, тўлов-контракт асосида 4 351нафар этиб белгиланган. Бундан ташқари, махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар учун 11 765 нафар қабулнинг амалга оширилиши режалаштирилган.

Фарғона политехника институтида ҳам Президентимизнинг “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Янги ўқув йилида институтда 30 та бакалавр таълим йўналишлари бўйича 1905 та кабул квота бегиланган бўлса, шундан 465 нафари давлат гранти асосидадир. 12 та магистратура мутахассисликлари бўйича эса 66 та қабул амалга оширилади.

Янги ўқув йилида олийгоҳда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарорига мувофиқ, янгитдан 3 та бакалавриат  -“Энергоаудит ва саноат корхоналарининг энергетик текшируви”, “Электроника ва асбобсозлик (тармоқлар бўйича)”, “Энергетика (Тармоқлар бўйича)”- таълим йўналишлари ҳамда 2 та магистратура —Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)”, “Ерусти транспорт воситалари ва тизимлари (транспорт турлари бўйича)”  мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Таъкидлаш керакки, янги -2018/2019 ўқув йилига қабул жараёнининг алоҳида хусусиятлари мавжуд. Хусусан, абитуриентлар ҳужжатлари 15  июндан 15 июлгача қабул қилинса, тест жараёнлари 1 августдан 15 августгача ўтказилади. Давлат имтиҳонларида шафофлик, адолатлилик тамойиллари тўлиқ таъминланиши,  фанлар блоклари кесимида саволлар камайтирилиб, тест натижаларини имтиҳондан бир кундан кейин эълон қилиниши, шунингдек, қабул жараёнида сиртқи, махсус сиртқи, кечки (сменали) таълим турларини жорий этилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг алоҳида тартиблар асосида қўшимча давлат гранти квоталари бўйича ўқишга қабул қилиниши шулар жумласидандир.

Олий таълим муассасамизда қабул жараёнини Президентимиз қарорида кўзда тутилган талаб ва сифат даражасидан келиб чиқиб амалга оширишга жиддий тайёргарлик кўрилиб, унга жалб этилган профессор-ўқитувчилар жорий йилги қабул тартиб қоидалари, йўл-йўриқлари билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, янги ўқув йилида ишлаб чиқариш ва реал иқтисодиёт тармоқларида инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилишга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш ишларига асосий эътибор қаратилмоқда.

 Ойбек ОТАҚУЛОВ,

Фарғона политехника институти ректори.