Донор қони – беморга малҳам

Ҳар йили вилоятимизда 14 июнь–Халқаро қон донорлари куни кенг нишонланади. Мухбиримиз вилоят қон қуйиш марказ фаолияти хусусида марказ бош врачи Альберт Мустаев билан суҳбатлашди.

– Марказимизга  кўплаб инсонлар келиб, ўз яқинларига қон кераклигини сўраб мурожаат  қилишади. Оғир ҳолатдаги  беморлар учун беғараз донорларимиз қон беришади. Улар фидойи инсонлардир. Донорларнинг эзгу мақсадлари ягона-бемор тезроқ оёққа туриб кетса бас.

Бу йил 14 июнь – Халқаро донорлар кунини нишонлашга бағишланган тадбирлар ’’Ўзгалар ҳақида ўйланг. Қон топширинг. Ҳаёт улашинг’’ шиори остида ўтказилмоқда. Бу шиор кўплаб инсонларни беминнат донорликка чорлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони тўғрисида”ги қарорига биноан кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур кўкрак нишони ўз қонини камида 40 маротаба, қон ва унинг компонентларини  60 маротаба топширган донорларга насиб қилади.  Бундай фидойи инсонлар вилоятимизда жуда кўп.  Марказимиз кўнгилли  донорларидан бири  Баҳром  Алимов 43 маротаба қон топширган. Шу муносабат билан у “Ўзбекистон  Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан такдирланди.

Соғлиқни  сақлаш тизимини  ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир.  Ислоҳотлар вилоятимиз қон  қуйиш  маркази ходимларига ҳам катта масъулият юклади. Қон  касалликларини  ўз вактида аниқлаш, уларга  замонавий  кимёвий терапияларни ўтказилиши натижасида беморларга кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади. Буни бажаришда  давлат  ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари,  жумладан,  тиббиёт ходимлари,  аҳоли  ҳамда “Адолат” социал демократик партияси ходимлари ўзларининг беғараз ёрдамлари  билан  фаол  иштирок этмоқдалар. Ўзбек халқига хос бўлган ана шундай саховат ва эзгулик хислатлари қанчадан – қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Бу йил вилоят қон қуйиш  марказимизда  ушбу санага  бағишланган тадбир  ўтказилиб, беғараз донорлик акциялари ҳудудларда, олий ўқув юртларида, жамоат ташкилотларида қон хизматига ихтисослашган микроавтобуслар орқали амалга ошириляпти. Шунингдек,  айни  кунларда марказимиз  мутахассислари  жойларда тарғибот – ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, беғараз донорлик сафини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Беморлар дардига малҳам бўлаётган донорларимиз сони  кўпаяверсин!