“Тонгги юлдузча” – иқтидорли болалар фестивали

Вилоят маданият ва аҳоли дам олиш маркази томонидан “Тонгги юлдузча” санъат фестивали ташкил этилди.

Фарғона шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган мазкур фестивал 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган истеъдодли болалар, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва  рағбатлантириш мақсадини кўзда тутди.

Жорий йил илк маротаба ташкил этилган фестивал-танловда 50 нафардан зиёд жажжи санъат шайдолари, гуруҳ ва ансамбллар иштирок этишиб, мақом, лирик қўшиқлар, вокал, рақс, мусиқа, эстрада ва тасвирий санъат йўналишларида ўз иқтидорларини намойиш этишди.

-Мусиқий тарбия болаларимизда нозик туйғуларни камолга етказади, уларнинг маънавий баркамоллиги учун кенг йўл очади, -дейди Фарғона санъат коллежи вокал бўлими ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ҳусанбой Жўраев. – Бугунги фестивал иштирокчилари ҳали жуда ёш. Шундай бўлса-да уларнинг санъатдаги иштиёқи, сайқалланиб келаётган истеъдоди вилоятимизда маънавиятли, санъатсевар авлод вояга етаётганини яққол кўрсатмоқда.

Фестивалнинг вокал йўналиши бўйича таниқли бастакор С. Юдаковнинг “Хожидарға” ариасини маҳорат билан куйлаган 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Файзилло Холматов, мусиқа йўналиши бўйича немис бастакори Ф. Бюргмюллернинг “Баллада” асарини фортепианода ижро этган 4-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси София Саркунова биринчи ўринга муносиб кўрилди. Шунингдек,  вилоят маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги “Кўзмунчоқ” намунали болалар вокал ансамбли аъзолари Ҳожиакбар Олимов эстрада, Нодирбек Мамасодиқов мақом, кар-соқовлар маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги қўшиқчилик тўгараги аъзоси Алижон Алижонов лирик қўшиқлар, вилоят маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаи “Кичкинтой” намунали болалар рақс ансамбли, “Тасвирий санъат” тўгараги аъзоси Дилрўза Аҳмедова тасвирий санъат йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритишди.

Уларга вилоят маданият ва аҳоли дам олиш марказининг махсус дипломи ҳамда шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

 Ж.МИРЗАМАТОВ олган сурат.