Аёллар маслаҳатхоналари

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Қизлар ва фертил ёшдаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар ҳудудда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни ўйлантираётган тиббий муаммоларнинг ечимига йўл топишдек хайрли мақсадларни кўзлаётир.

Жумладан, вилоятимиздаги 19 та марказий поликлиникалар, 26 та шаҳар оилавий поликлиникалар, 88 та қишлок оилавий поликлиникалар ва 62 та қишлоқ врачлик пунктлари қошида ўсмир қизлар ва фертил ёшдаги аёллар учун “Аёллар маслахатхоналари”нинг ташкил этилиши, уларга керакли тиббий мутахассислар бириктирилганлиги Президентимиз Фармонида кўзда тутилган муҳим вазифанинг амалий ижроси сифатида хотин-қизларнинг энг ишончли масканларидан бирига айланиб бормоқда.

-Мазкур маслаҳат марказлари фаолияти ўсмир қизлар ва фертил ёшдаги аёлларга оилани режалаштириш, контрацепция усуллари,  шунингдек, жинсий йўллар орқали юқадиган касалликларнинг олдини олиш бўйича аноним тарзда маслаҳатлар бериш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ акушер-гинекологик ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, оналик ва перинатал касалликлари ҳамда ўлим ҳолатларининг олдини олиш соҳасида аҳолининг билими ва санитария маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказишга қаратилган, -дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Шаҳобиддин Қўчқоров. –Вилоятимизда ташкил этилган 195 та “Аёллар маслаҳатхоналари” да бугунги кунга қадар ҳудуддаги 951 минг нафарга яқин хотин-кизларнинг 149 минг  нафардан зиёди, жумладан, 23 минг нафардан ортиқ ўсмир қизлар  қабул қилиниб, уларнинг тиббий ҳолатидан келиб чиқиб, керакли маслахатлар берилди. Ушбу масканларнинг самарали фаолияти келгусида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида тиббий маданиятнинг ўсиши ва соғлом турмуш тарзининг барқарорлашувига хизмат қилади.