“Бизга бўлаверади” қабилида ишлаш асло кечирилмайди

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 29 май куни ўтказилган селектор йиғилишида ғўза парвариши бўйича кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни ташкил этиш юзасидан муҳим топшириқлар берилган эди. Шу асосда мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” сифатида эълон қилиниб, тармоқда тизимли ишларни амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Яқинда халқ депутатлари Фарғона вилоят ва туманлар Кенгашларининг навбатдан ташқари сессиясида бу борада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор ҳар бир корхона-ташкилот, тўртта сектор, туман ва фермер хўжалиги кесимида жараёндаги бурч ҳамда масъулият туйғусини теран англаб етиш зарурлиги таъкидланди.

Айни жараёнда ғўза парвариши, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш бўйича туманлардаги мавжуд ҳолат сарҳисоб этилиб, тўртта сектор раҳбари, биолабаратория ходимларидан тортиб, механизатор ва сувчи, фермер хўжалиги раҳбари олдида турган энг долзарб вазифалар белгилаб олинди. Бу йилги ноқулай об-ҳаво шароити ҳар биримиз учун ўзига хос синов экани, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз ва қийинчиликларни енгиб ўтишимиз кераклиги таъкидланди.

Қува туманидаги “Эҳсонали Ҳасанов саховати” фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда 31 гектар ерда “С-6775” навли пахта навини парваришлашмоқда. “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” доирасида тажрибали мутахассисларни мавсумий ишга жалб этиб, ғўза майдонларида кунлик мониторинг ишлари олиб бориляпти. Фермер хўжалиги раҳбари Комилжон Ҳасановнинг айтишича, кўсак қурти капалакларига қарши феромон тутқичлари захирасини яратиш, ғўза майдонларига белгиланган меъёрда ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

“Агрокимё” АЖ Қува филиали раҳбари Омонжон Ғайназаров ва фермер Комилжон Ҳасанов дала айланиб, ғўза майдонларини азотли минерал ўғитлар билан иккинчи озиқлантиришга киришиш лозимлигини эътироф этишди.

Тумандаги “Қосим Карвон” фермер хўжалиги тасарруфидаги 25 гектар пахта майдонларида биомаҳсулотлар билан ишлов бериш, жадвал асосида трихограмма, бракон, олтинкўз чиқариш ишларига жиддий киришилди. Фермер хўжалиги дала шийпонида механизаторлар ва сувчилар уйлари ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар 4 та шарбат ҳовузи тайёрланди. Фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Сиддиқов ва кўчма биолабаратория ходимлари ҳар бир дала майдони бўйича алоҳида назорат дафтари юритиб, зараркунанда ва ҳашоратларга қарши курашиш, далага биомаҳсулотлар чиқариш юзасидан доимий мониторинг юритишни йўлга қўйишди.

Тошлоқ туманидаги Ўзбекистон хизмат кўрсатган пахтакор Зебо Рустамова раҳбарлигидаги “Заркент ой нур саховати” фермер хўжалиги аъзолари томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам эътиборга сазовордир. Фермер хўжалиги иш юритувчиси Маҳмуджон Раҳимовнинг эътироф этишича, шинам шийпонда 4 нафар сувчи ва 2 нафар механизатор “Дала режимида” ишлаши учун барча шароитлар яратилди. Зарбдор ойлик доирасидаги юмушларга хўжаликнинг 25 нафар аъзолари тўлиқ сафарбар этилди.

26 гектар ерда баравж ривожланаётган “Султон” навли пахтамизнинг олди шоналади,-дейди Маҳмуджон Раҳимов қувониб. – Шу кунгача турли кимёвий эритмалар қўшган ҳолда икки марта қўшимча ишлов берилди. Ҳозирда ғўза майдонларини азотли минерал ўғитлар билан иккинчи озиқлантириш амалга ошириляпти. Ўз навбатида ғўза қатор ораларига ишлов бериш, чопиқ ва ўтоқ қилиш, маҳаллий ўғит чиқариш ишлари ҳам бир маромда давом этмоқда.

Бирида эса…

Афсуски, Фарғона туманидаги ўрганишлар давомида масъулиятсизлик, лоқайдлик ҳолатлари кўп учради. Мисол учун, “Муяссархон нурли гулшани” фермер хўжалигининг 24,9 гектар пахта майдонларини ўт босган. Культивация трактори дала уватида бузилиб ётибди. Иш юритувчи Аҳлиддин Топволдиевнинг маълум қилишича, фермер хўжалиги раҳбари Муяссар Деҳқонова тракторга эҳтиёт қисм олиб келиш мақсадида Олтиариқ туманига кетган.

Биз дала майдонида ўтоқ ыилаётган аёллар билан суҳбатлашдик. Улар туман ободонлаштириш бўлими ходимлари бўлиб, фермер хўжалигига ҳашарга келишган экан. Чамаси икки соатлар ўтиб йўлимиз яна шу фермер хўжалиги даласига тушди. Дала уватида трактор ҳамон жонсиз ҳайкалдай савлат тўкиб турибди, ҳашарчилар эса аллақачон “қуён”нинг расмини чизишган… Офтоб ҳарорати бироз пасайиб, энди ишлайдиган пайт бўлганида ажриқ босган дала майдонида хўжаликнинг 10 нафар аъзолари,  иш юритувчи ва ҳашарчилар уйларига равона бўлиб улгуришган эди.

“Муроджон Умиджонов” фермер хўжалиги ғўза майдонлари ривожланишдан анча орқада қолаётгани шундоққина кўриниб турибди. Ариқда исроф бўлиб оқиб ётган сув йўли бўйлаб бирор соат айландик. Фермер хўжалиги сувчиси Шерзод Раҳмонқулов соя-салқинда уйқуни ураётган экан. Культивация трактори ҳам дала уватида, лекин тракторчини топишнинг иложи бўлмади. Афтидан у ҳам куннинг иссиғида жонининг роҳатини ўйлаб, бирор пана жойга ўзини урган кўринади…

Ғўза майдонлари бўйлаб айланар эканмиз, ўт босган ариқлар, бижғиб кўлмакка айланган сув йўллари, сув юришига тўсқинлик қиладиган ариқ ичидаги тераклар… нохуш манзаралар кайфиятни бузади.

Шу куни узоқ уринишлардан сўнг ушбу фермер хўжалиги раҳбари Сайрам Қўзибоев билан ҳеч бўлмаса телефон орқали боғланишга муваффақ бўлдик

Тез кунда камчиликларни бартараф этамиз,-дейди у биз билан телефон орқали суҳбатда. – Ҳозир шуни ҳаракатидамиз. Даштдаги 6 гектар ғўза майдонидаги аҳволни ўнглаш учун ҳашарчилар олиб келганман.

“Дилором Туробиддин замини” фермер хўжалигининг 3 нафар сувчилари ғўза майдонларига сув очишган. Қониб сув ичаётган ғўзалар ривожи эса қониқарли эмас. Сувчи Шерали Каримов “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” хусусида қандай маълуомтга эга эканлиги билан қизиқамиз. У бу борада ҳеч нарса эшитмагани ва билмаслигини очиқчасига тан олиб қўя қолди. Ўрганишлар мобайнида тумандаги яна ўнлаб фермер хўжаликлари сувчилари, аъзолари билан суҳбатлашдик. Аксарият ҳамсуҳбатларимиз зарбдор ойлик доирасида белгиланган устувор вазифалар бўйича ҳеч қандай маълумотга эмас…

“Бизга бўлаверади!” қабилида эскича, алмисоқдан қолган иш юритишнинг яққол далили шу эмасми?!