Судьяга пора таклиф қилди

Одил судлов тизими вакили деганда қонун ҳимоячилари, ҳаёт ва ҳуқуқ билимдонлари, энг муҳими, адолат туғини баланд кўтарган инсонлар тасаввуримизда жонланади. Афсуски, фаолияти чоғида ана шу тамойилларни унутаёзган, суднинг қора курсисида ўзи жавоб беришга мажбур бўлганлар ҳам бор экан.

Икромжон Маҳмудов судлангунига қадар фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг девонхона мудири лавозимида ишлаган. У мансаб мавқеидан фойдаланиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан фирибгарлик ҳамда пора беришга далолат қилиш каби жиноятларнинг бошида турди.

Маҳмудов ўзининг эски таниши Суд ижрочиларининг Қува туман бўлими 2-тоифали иш юритувчи котиби Д.Тошпўлатовнинг қилган илтимосидан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлди. Д.Тошпўлатов жияни Э.Пармонованинг укаси С.Тожиев суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун елиб-югураётганини айтади. Гап фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2016 йил 7 декабрь кунидаги АТ “Халқ банки” Қува филиали фойдасига жами бўлиб 145 617 500 сўм кредит маблағларини ундириш, ундирувни жавобгарларнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулкларига қаратиш, уларни реализация қилиш қийматини белгилаб бериш ҳақидаги қарор устида бораётган эди. Маҳмудов вазиятга ўзича чора топган бўлди. Ҳал қилув қарорини судья билан гаплашиб бекор қилдиришга ваъда берди. Фақат иш осон кечиши учун Тошпўлатовни судьяга пора бериши кераклигини ҳам қўшимча қилди.

Ҳолат юзасидан баён этилган мурожаатнома миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармасига келиб тушгач зудлик билан назорат тадбири ўтказилди. И.Маҳмудов фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди рўпарасида жойлашган “Лагман” умумий овқатланиш мажмуаси ҳовлисида кимёвий ишлов берилган 1500 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Тергов-суриштирув натижалари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан айбдорга тегишли ҳукм чиқарилди. И.Маҳмудов жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Адолат қўрғонида туриб, жиноятга йўл бошлаган шахслар қилмишидан бошқалар хулоса чиқаришларини истар эдик.

Ш.ШАМШИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси.