Учкўприкнинг нурафшон манзиллари

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган  “Обод қишлоқ” дастури доирасида Учкўприк туманининг Тошкентлигузар ва Катта Кенагас маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти.

Ўтган вақт мобайнида ҳар икки маҳаллада ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, уйларнинг ташқи кўриниши, кўчалар, ички йўлларга гуллар, манзарали дарахтлар экилди. Табиий газ қувурларига ишлов берилиб, сув йўллари тозаланди, маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. Бу ҳудудда жойлашган тарихий зиёратгоҳлар, қабристонларда тозалик ва орасталик юмушлари бажарилди.

Бунёдкорлик ишлари жараёнида аниқ мақсадли чора-тадбирлар режаси асосида тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш, йўлларга шағал ётқизиш ва асфальтлаш, ички йўллар ва пиёдалар йўлакчаларини жорий таъмирлаш каби устувор вазифаларни амалга ошириш белгиланди.

Ҳозирги кунда Тошкентлигузар МФЙдаги 720 та хонадонда 1500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шу кунга қадар эскирган бетон мосламалар ўрнига 102 та янги электр таянч устунлар ўрнатилди. Электр таъминотидаги зўриқишларнинг олдини олиш мақсадида 1 та янги трансформатор ўрнатилди. Замонавий болалар майдончаси барпо этилди. Маҳалла гузарида кутубхона ташкил этилди. Шу ердаги тикувчилик цехида эса 10 нафарга яқин маҳалла қизлари болалар кийим-кечакларини тикишади. Қандолат маҳсулотлари тайёрлаш юмушларига маҳалланинг 140 нафар хотин-қизлари жалб этилган. Новвойчилик, сандиқсозлик жадал ривожланиши учун тижорат банкларига ўнлаб оилавий тадбиркорларнинг бизнес-режалари тақдим этилди. Шу кунгачача аҳоли томорқаларида 45 та иссиқхона барпо этилишига эришилди.

2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида маҳалламизда бирорта ҳам жиноят қайд этилмагани учун яқинда туман ҳокимлиги томонидан маҳалла раиси, профилактика инспектори ва посбон муносиб рағбатлантирилди, –дейди МФЙ раиси Акбархўжа Турсунов. – Шунингдек, Тошкентлигузар хорижда ишловчилар сони камлиги бўйича вилоятда энг намунали маҳалла ҳисобланади. Маҳалламизда “Меҳригиё” хусусий корхонаси, ғишт заводи, минерал сув ишлаб чиқариш цехи сингари тадбиркорлик субъектлари сони тобора кўпайиб бораётгани бундай ижобий натижалар салмоғини янада ошириш имконини беради.

Катта Кенагас маҳалласи туманнинг энг қадимий қишлоқлари сирасига кириб, Қўқон – Фарғона автомагистрали бўйида жойлашган файзли масканда ҳазрат Ҳазиний уй-музейи, зиёратгоҳи жойлашган. Эзгу ташаббуслар доирасида мазкур тарихий масканга олиб борувчи йўлларда ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Катта кўчада анвойи гуллар, манзарали дарахтлар экилиб, аҳоли хонадонларининг ташқи кўриниши кўркам кўринишга келтирилди. Ҳудуд манзарасини бузиб турган эски қурилмалар, дарахтлар кесилиб, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, ариқларни тозалаш ва сув йўлларини яхшилаш ишлари олиб бориляпти. Аҳоли мурожаатлари асосида 5-6 та ички кўчаларга шағал ётқизиш ишлари давом этмоқда.

“Обод қишлоқ” дастури ижроси юзасидан туман ҳокимлигининг махсус комиссияси фаолияти ташкил этилиб, ҳар бир кўча, оила кесимида муаммолар аниқланиб, амалий таклифлар ўрганиляпти. Ҳозирги кунга қадар 52 та кам таъминланган оила алоҳида эътироф этилиб, ушбу оилалардаги иқтисодий ҳолат, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга кўмаклашиляпти.

Маҳалла раиси Аббосхон Дадахоновнинг қайд этишича, бугунги кунда шаҳарсозлик меъморчилиги талаблари асосида савдо, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари қуриш, тикувчилик цехи, томорқа хўжаликларида иссиқхоналар барпо этиш сингари таклифлар умумлаштириляпти. Дастур асосида бу каби замонавий мажмуалар қурилиши маҳалла қиёфаси муҳташам кўринишга эга бўлишини таъминлайди.