Ўзбекистонда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилади

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июнь куни “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорнинг асосий мақсади: Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратишга оилада даромад келтирадиган тадбиркорликни ташкил этиш учун зарурий иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиш қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Қарорга кўра, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилади.

Дастурнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди: 

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам бериш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш;

касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш;

қишлоқ ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш – мини-кластерлар ташкил этиш;

жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шаҳобчаларини барпо этиш;

қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш;

вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.

Тижорат банклари томонидан аҳолига имтиёзли кредитлар ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига кўра, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилади.

Қарорга мувофиқ: 

энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;

энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;

энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда – тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.
Кредит билан боғлиқ масалалар қаттиқ назоратга олинади.

Молия вазирлигига суғурта ташкилотлари билан биргаликда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда суғурта тўловини 1,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳамда суғурталаш шартларини енгиллаштириш чораларини кўриш вазифаси юкланди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастурини амалга ошириш учун алоҳида ишчи гуруҳлар тузилади. 

Президентнинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига кўра, мазкур Дастурни амалга ошириш учун алоҳида ишчи гуруҳлар тузилади.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича ташкилий ишчи гуруҳлар;
инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалаларига масъул бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари раҳбарлигида Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича махсус ишчи гуруҳлар;

туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Тадбиркорлик фаолияти ташкил этишга амалий ёрдам бериш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилади.

Ишчи гуруҳларининг ҳар бирига алоҳида вазифалар юклатилади.