Аҳолига сифатли хизмат – бош мақсад

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги халқ қабулхонаси конференциялар залида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари журналистлари, давлат ташкилотлари, ҳуқуқий идоралар, ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Раънохон Бойқўзиева очди ва олиб борди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлигини ташкил этиш ҳақида”ги қарорига асосан агентлик томонидан жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатилмоқда. 1 апрелдан бошлаб бу хизматлар сони 13 турга етгани фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари ўз ечимини топаётганидан далолат беради. Биргина тажриба сифатидан танлаб олинган Қўқон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 1 июндан бошлаб 31 турдаги хизматлар кўрсатилиши белгиланди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига жами 92839 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти ўз ечимини топган. Ўтган давр ичида Давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан 387 та мурожаат рад этилганлиги, 185 та мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилганлиги аниқланиб, шу бўйича 6 та маъмурий таклиф, 13 та тақдимнома, 36 та огоҳномалар киритилди.

– Бугунгидек матбуот анжуманларини ҳар ойда ташкил этишни мақсад қилганмиз, – дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Р.Бойқўзиева. – Бу ўз навбатида фаолиятимизнинг бир ҳисоботи сифатида аҳолини хабардор қилишга хизмат қилади. Хизматларнинг бир жойда жойлашганлиги, ортиқча сансалорликларнинг бартараф этилганлиги, коррупцияга барҳам берилганлиги ва фуқаролар эмас ҳужжатлар ҳаракатланади, деган тамойил юртдошларимизни мамнун этмоқда. Ҳозир электрон навбат тизимини ҳам жорий этишга эришилди. Ахборот-коммуникация тизимининг тобора такомиллашиб бораётгани мурожаатларнинг қисқа муддатда, сифатли ечим топишида муҳим омилдир.

Матбуот анжуманида журналистлар ва турли соҳа вакиллари томонидан савол, таклифлар ўртага ташланди.

Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ олган сурат.