Прокурор ниқоби остида

Шерзод Тешабоев муқаддам судланган шахс. Бироқ у илгариги қилмишларидан тегишли хулоса чиқармади. Ўзини вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ходими деб таништириб, ушбу ниқоб остида фирибгарлик йўлини тутди.

У Марғилон шаҳридаги мактабгача таълим муассаси мудираси Сожида Раҳмонова (исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган)ни турли ваъдалар билан ишонтирди. Унинг қизини олий ўқув юртига киритиб қўйишини, бундан ташқари ички ишлар идораларига ишга кирмоқчи бўлган шахсларни топиб беришни сўради. С.Раҳмонова Ш.Тешабоевнинг сўзларига ишониб уни бир қанча танишлари билан учраштиради. Масалан, марғилонлик Ш.Орзиева (исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган)ни Фарғона давлат университетига, З.Қодирова (исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган)ни Тошкент тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш таклифи билан уларнинг катта миқдордаги маблағларини ўзлаштиради ва шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Ушбу шахснинг қилмиши шу билан тугамайди. Жумладан, Ш.Тешабоев О.Назиров (исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган)ни ички ишлари идораларига ишга киритиб қўйиш “ташаббуси” билан пора беришга далолат қилади. Шу мақсад йўлида у ўз таниши Собир Мелибоев билан тил бириктиради. Шунингдек, Ёзёвон туманидаги мактабгача таълим муассасаси мудираси К.Муллажонова (исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган)ни Фарғона шаҳридаги МТМга раҳбар этиб тайинланишини ваъда қилади. Унинг фарзанди Эъзоза Баҳодир қизи (исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган)ни олийгоҳга ўқишга киритиб қўйиш ҳақидаги ёлғонларига ишонтиради. У билан келишилган маблағнинг маълум бир қисмини жиноий шериги Аброр Исмаиловга олиб боришини таъкидлайди.

Жабрланувчилар ҳамда юқоридаги жиноятларни вақтида фахмлаган фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ўз вақтида хабар қилгани туфайли бу ҳолатга чек қўйилди. Вилоят прокуратураси ва ИИБ ходимлари иштирокида ўтказилган назорат тадбирларида жиноий гуруҳга дахлдорларнинг барчаси ашёвий далиллар билан қўлга олинади. Хусусан, Ш.Тешабоев С.Раҳмонованинг яшаш хонадонида кимёвий ишлов берилган 2500 АҚШ долларини, С.Мелибоев ўз хизмат хонасида 2000 АҚШ долларини олаётган пайтга қўлга олинган. А.Исмаилов Фарғона шаҳрида кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди айбдорларга қилмишига яраша жазо тайинлади.