Аёл хавфли рецидивист …

Аёлнинг  оиладаги  маънавий муҳитни таъминлаш, фарзандлар тарбиясидаги  залворли вазифасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.   Унинг фазилатлари, сабр-қаноати  яқинлари ҳаётининг бахтли дамларига шукуҳ беради.

Таассуфки,  одамзод кўп жойларда, нафс, кибру ҳаво, жаҳолатга берилиб,  ўзини ўзи турли балоларга гирифтор қилади.  Айниқса, ўз ўрнини унутган аёлнинг қисмати оғриқли.

Бағдодлик  Муҳайё Мамуровага муқаддам жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.  Аммо, хатосидан тўғри хулоса чиқармай, йиллар  давомида меҳридан, эътиборидан бебаҳра бўлган 5 нафар фарзанди  дийдоридан яна ўзини бенасиб қилди.

2017 йилнинг январ ойида дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган “Улуғбек” ва “Мақсуд” исмли Тожикистон Республикасида яшовчи танишлари билан  тил бириктириб,  бир гуруҳ бўлган ҳолда 1 килограмм – кўп миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикаси чегарасидан  ноқонуний  олиб  ўтишни режалаштирдилар.

Телефон қўнғироғидан сўнг шериклари  3 минг АҚШ долларига баҳоланган ушбу гиёҳвандлик моддасини Бағдод туманининг Дўрмонча қишлоғига олиб келиб беришди.  Махсус белги остида оғуни ерга кўмиб қўйдилар.  Икки кундан сўнг  келтирилган  модда учун 1300 АҚШ долларни олиб, қолган қисмини кейин беришга келишишди.

М.Мамурова уни яшаш хонадонида сақлаб, февраль ойида гиёҳвандлик моддасининг 59,92 граммини  Қўқон шаҳрилик Н.Турсуновага 3 миллион 500 минг сўмга сотади. 939,75 грамм қисмини  номаълум кимсаларга етказиб бериб, даромадга эга бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан  ўтказилган тезкор тадбир давомида  хонадонидан қора рангли целлофан пакетга ўралган 0,33 грамм оғу далилий ашё сифатида олинди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  тегишли моддаларига асосан  аёл ўта хавфли рецидивист  деб топилди ва 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бу ҳукмни  ўқиб, ҳар бир инсон мушоҳада қилиши шубҳасиз. Зеро, аёлнинг жиноят кўчасига кириб, хавфли рецидивист даражасига етиб бориши ачинарли ҳолат. Демакки, ҳар бир маҳаллада, оилада  аёллар маънавиятини юксалтириш, уларда  яратиб берилаётган шароитларга шукрона ҳиссини кучайтиришда ҳар бир фуқародан эътибор ва дахлдорлик талаб этилади.