Мактабгача таълим – юрт истиқболига доир долзарб масала

Мухбиримиз вилоятимизда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, муассасаларга болалар қамровини кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш сингари вазифалар ижроси хусусида вилоят мактабгача таълим бошқармасининг давлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Улуғбек Қамбаров билан суҳбатлашди.

– Ўтган йилда барча туман-шаҳарларимиздаги 642 та давлат мактабгача таълим муассасаларига 91 минг нафардан зиёд болалар қамраб олинган бўлса, жорий йилнинг май ойи ҳолатига боғча тарбияланувчилари сони 104 минг 380 нафарга, давлат мактабгача таълим муассасалари сони 696 тага етди. Хусусан, уларнинг 76 таси Фарғона шаҳри, 48 таси Қўқон шаҳри, 26 таси Қўштепа, 58 таси Ўзбекистон, 44 таси Бешариқ туманида жойлашган. Хусусий мактабгача таълим муассассалари ташкил этилиб, 16 тадан 30 тага етказилди. Бугунги кунда айнан нодавлат болалар боғчаларида 1 минг 866 нафар болалар тарбияланишади. Жорий йилда яна 301 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган.

Тизимни ислоҳ қилишдаги муҳим вазифалардан бири мактабгача таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масаласидир. Ҳозирги кунда вилоятимиз МТМларида 9114 нафар педагог кадрлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 1667 нафаригина олий маълумотли мутахассислардир. Январь-май ойлари давомида 154 нафар кадрлар педагогик қайта тайёрлов курсларида, 1726 нафарини касбий қайта тайёрлов кўрсларида ўқитиш ишлари йўлга қўйилди. Жумладан, мазкур курсларнинг тарбиячилик йўналишида 1229 нафар, дефектологияда 247 нафар, амалий психология йўналишида эса 96 нафар мутахассислар мактабгача таълим йўналиши бўйича тахсил олдилар. Педагог кадрларнинг 425 нафари режа асосида соҳа йўналишлари бўйича малака ошириш курсларида ўқитилди. Бундан ташқари, Фарғона давлат университети ва Қўқон давлат педагогика институтининг мактабгача таълим кафедраси профессор-ўқитувчилари билан хамкорлик ишлари йўлга қўйилиб, мактабгача таълим соҳаси педагог кадрларининг педагогик маҳоратларини ошириш, соҳа йўналишлари бўйича ўқув, услубий қўлланмалар, тавсиялар, илмий мақолалар ва бошқа дидактик материалларни ишлаб чиқиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Жойлардаги тўла қувват билан ишламаётган мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш орқали муассасаларга болалар қамровини оширишга эришилмоқда. Вилоятнинг барча ҳудудларида мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш юзасидан ҳудудий семинарлар ўтказилиб, тарғибот ишлари кучайтирилди. Бунинг натижасида 2018 йилнинг ўтган беш ойи давомида 20890 нафар фуқаролардан МТМларга йўлланма бериш бўйича аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 6729 нафар болалар МТМга йўлланма асосида жойлаштирилди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь-апрел ойлари давомида “Хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш”, “Давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда муаммолар-ечимлар”,  “Нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш тартиби” мавзуларида ўқув амалий семинарлар ташкил этилди. Семинарларда дастурга киритилган 301 нафар ташаббускорлар ва хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлар ҳам таклиф этилиб, уларга нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ва лицензиялаш тартиблари тушунтирилди.

Давлат мактабгача таълим муассасаларини жорий ва капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва янгитдан қуриш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилда Давлат дастури асосида 5 та мактабгача таълим муассасаси янгитдан қурилиб, 34 таси реконструкция қилиниши белгиланган бўлиб, объектларда бажарилиши лозим бўлган таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” ИК лойиҳа-смета ҳужжатлари шакллантирилди.