Пенсия таъминоти тизими

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси вилоят Кенгаши ҳамда вилоят бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда вилоятимиз туман-шаҳарларининг меҳнат фахрийлари, пенсия ёшидаги фуқаролар, дахлдор ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Наримон Шодиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда 1993 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг янги лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Амалдаги пенсия таъминоти ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмига ўзгартиришлар киритиш зарурлигини белгиловчи омилларни санаб ўтди. Йиғилганларни бу борада халқ муҳокамасига қўйилган янги концепция мазмуни билан таништирди.

Таъкидланганидек, юртимизда 3, 3 млн. нафардан ортиқ аҳоли пенсия ва нафақа билан таъминланади. Уларнинг 2 млн. 502, 6 минг нафари ёшга доир пенсионерлар бўлса, 360, 3 минг нафарига ногиронлик, 168, 5 минг нафарига боқувчисини  йўқотганлик нафақалари тайинланган. Демографик башоратларга кўра,  2018-2025 йилларда давлат пенсияси билан таъминланиши керак бўлган фуқаролар сони яна 1, 2 млн. кишига ошиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида муносиб пенсия миқдорига эришиш йўлида ҳар томонлама мақбул ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини тақозо этади. Сўнгги йилларда тизимда муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, тўла адолат ва барқарорлик принципига эришиш зарурати муҳимлиги англашилмоқда.

Вилоят бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси пенсия ва нафақалар тайинлаш мониторинги ва таҳлили бўлими бошлиғи Аҳлиёр Баҳриддинов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раисининг ўринбосари Хурсанд Шарафиддиновлар бугунги кун талабига жавоб берадиган, сифат жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш имконини берадиган концепция лойиҳаси ва уни тайёрлашда фуқаролар фикр-мулоҳазаларининг ўрни хусусида тўхталишди, мутахассислар томонидан давлат пенсия таъминотини ислоҳ қилишга доир янгилик ва ўзгаришлар ҳақидаги саволларга жавоблар берилди.

Муҳокама жараёнида меҳнат фахрийлари Аъзамжон Амировнинг пенсия тарқатишнинг мақбул йўлини белгилаш, Сотволди Тешабоевнинг пенсия тайинлашда талаб этилганидан кўп иш стажига эга бўлган фуқароларга имтиёзларни ошириш, Ёқутхон Мамараҳимованинг пенсионерларга имтиёзли тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, Маҳмуджон Холматов, Солижон Ўрмонов, Мавлудахон Жўрабоеваларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич кўтариб бориш сингари таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, умумлаштирилди.