Ёш машинасознинг муваффақияти

Бугунги ёшларга ҳавас қилса арзийди. Ҳар томонлама имконият ва ғамхўрлик уларнинг истеъдодига қанот бермоқда.

Улардан бири – Акмал Гайназаров, тажрибали, илғор ва юқори малакали саноат ходими. Ҳозирда «UZSUNGWOO» қўшма корхонасининг пайвандлаш цехи менеджери вазифасида фаолият кўрсатади.

Корхонада  ҳозирги кунда 400 нафардан зиёд ишчи мехнат қилмокда. Уларнинг 200 нафари Акмалжон етакчилигидаги цехда ишлайди. Катта бир жамоани бошқариш осон юмуш эмас. Бунинг учун катта тажриба ва билим шу билан бирга етакчилик қобилияти бўлиши ҳам талаб этилади. Акмалжон ўз фаолияти давомида ана шу жиҳатларни ўзига сингдиришга астойдил ҳаракат қилди.

Ҳозирда қаҳрамонимиз корхонада автоматлаштирилган технологик жараённинг узлуксиз таминлаб, GSV-EM Cobalt ва Т-250 Aveo бутловчи кисмларини юқори сифатда тайёрланишига катта ҳисса кўшмоқда.  Сифат муҳандиси лавозимида ишлаган даврида унинг таклифи асосида 5 та пресслаш операция орқали ишлаб чиқарилган 3 турдаги бутловчи қисмларнинг технологик жараёнини оптимизация қилиш ҳисобига 4 та операцияда маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди. Иш ҳақи ва электроэнергия тежаш ҳисобига 32.4 млн. сўм иқтисод қилинди.  Мамлакатимизда автомобилсозлик тарихида биринчи бор Бразилияга автомобиль бутловчи қисмларининг экспорти йулга қўйилишида ҳам А.Гайназаров фаол иштирок этди.

Ўзининг 7 йиллик иш тажрибасига асосан А.Гайназаров ишчилар меҳнатини янги тизимдаги рейтинг балл асосида баҳолашни таклиф этди. Бу рейтинг бўйича ходимлар ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми,  сифати ва интизом  бўйича баллар тўплашади. Рейтинг баллар асосида ишчига холисона баҳо берилиб, уни мукофотлаш, лавозимини ошириш ва хориждаги корхоналарга стажировкага жўнатиш  масалалари ҳал этилади. Ушбу рейтинг тизимига ҳозирги кунда қўплаб корхоналар қизиқиш билдиришяпти.

Акмал Гайназаров  Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик  саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси томонидан 2015 йилда ўтказилган танловда “Энг фаол ёш машинасоз ” номинацияси ва “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловларида ғолибликни қўлга киритган. 2017 йилда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти Ёшлар иттифоқи етакчилар Кенгаши томонидан ўтказилган кўрик-танловда “Ўзавтосаноат” тизимидаги энг яхши ёш ишчи” номинацияси билан тақдирланган.

Ўз ғоя ва ташаббуслари билан Акмалжон келгусида янада катта ютуқларга эришишига ишонамиз.

 

Суратда: А.Гайназаров иш жараёнида.