Водий тулпорлари

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2021 йилларда йилқичилик ва от спортини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

Ўтган йилнинг 22-23 июнь кунлари Президентимизнинг Фарғонага ташрифи давомида эса вилоятимизда қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган мажмуа бунёд этиш ташаббуси ўртага ташланган эди.

Қувасой шаҳрининг Пакана қишлоғида 8 ой давомида “Кварц” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилган, 50 бош отларни парвариш қилишга мўлжалланган комплексда қорабайир наслли отлар кўпайтирилади. Дастлабки босқичда ички бозорга, кейинчалик четга экспорт қилиш режалаштирилган.

Мажмуада 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар от спорти билан шуғулланади. Маҳаллий аҳоли ҳамда туристларнинг саёҳатлари ташкил этилади. Энг асосийси, ушбу мажмуа  йилқичиликда турли инновацион ғоялар ва ишланмаларни амалиётга жорий этишда муҳим базага айланади.

Қорабайир зотли наслли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган “Водий тулпорлари” наслчилик комлексининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди.

Тантанада сўз олган Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти Федерацияси раиси ўринбосари  Элдор Анорбоев ва бошқалар “Обод қишлоқ” дастурига асосан “Пакана” маҳалла фуқаролар йиғинида қад ростлаган мажмуа қишлоққа кўрк бағишлаш, наслли отларни кўпайтириш қаторида, туристлар учун ажойиб маскан бўлиб, ёш ўғил-қизларни от спортига меҳр қўйишларига хизмат қилишини таъкидладилар.

Рамзий тасма кесилиб, тадбир иштирокчилари мажмуа бош биноси – ёпиқ манежда ташкил этилган рассомчилик галереяси ва ҳунармандлар кўргазмаси билан танишдилар.

Галереядан рассом Алишер Алиқуловнинг қорабайир зотли отлар тасвирланган “Улоқ”, “Қайтиш”, “Овга”, “Финиш” каби асарлари ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари қишлоқ хўжалиги вазири Зоир Мирзаев Фарғона водийсидаги қорабайир зотли отлар тарихига тўхталиб ўтиб, Президент қарори ижросини таъминлашда бу мажмуанинг алоҳида ўрни бўлишига ишонч билдирди.

Турли вилоятлардан келган меҳмонлар мажмуанинг отхоналарини кўздан кечирдилар. “Марварид”, “Гавҳар”, “Жульетта”, “Олмос”, “Қоракўз”, “Маржона”, “Чақмоқ” лақабли отлар, уларга яратилган шароитлар тадбир қатнашчиларида илиқ таассуротлар қолдирди.

– Гўзал Фарғонада бунёд этилган бу ажойиб мажмуа шу соҳани ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлади, –дейди Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Санъат Ҳикматов. – Бу ерда жониворлар учун диагностика маркази, УЗИ аппарати, туғруқхона бўлими,  мутахассис, тренерлар тайёрлаш учун ўқув хоналари, кутубхоналар мавжудлиги диққатимизни тортди. Атрофнинг орасталиги, бежирим айвончалар, гулзору майдонлар кишига хушкайфият улашади. Бухорода ҳам шундай от комплексини қуришга ҳаракат қиламиз ва  фарғоналикларнинг тажрибасини ўрганяпмиз.

Мажмуа очиқ манежида тантанали намойиш бўлиб ўтди. Спорт отларининг манежда саф тортиши, кўргазмали чиқишларидан сўнг, от спорти мусобақалари ўтказилди. Республикамизнинг турли вилоятларидан от спорти усталари ўз маҳоратлари билан муносиб ўринларга сазовор бўлишди.

Мусобақа ғолибларига Бош вазир ўринбосари қишлоқ хўжалиги вазири Зоир Мирзаев, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевлар диплом ва қимматбаҳо совғаларни  тантанали равишда топширдилар.

Шу куни бўлиб ўтган концерт дастурида Илҳом Иброҳимов, Қиличбек Тожиев, Тошпўлат Маткаримов, Отабек Муҳаммадзоҳид,  Акмал Саъдихонов, Шоҳида Зокирова, “Садо”, “Самира” ансамбллари, болалар чиқишлари барчага хушкайфият улашди.

От спорти соҳасида 40 йилдан буён фаолият олиб бораман, –дейди от спорти бўйича мутахассис Баҳром Бадриддинов. – Фарғона вилояти спорт якка курашга ихтисослаштирилган мактаби от спорти бўлимида 4 нафар мураббий қўлида юздан ортиқ йигит ва қизлар  шуғулланиб келадилар. Улар республика мусобақаларида фаол иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритяптилар. 12 нафар чавандоз Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси аъзоси ва спорт усталигига номзоддир. Муҳаммадбоқий Тўхтасинов,Абдулборий Мирзалиев, Алишер Эркинов, Исфандиёр Атабаев каби ёш спортчилардан умидимиз катта. Мутахассис сифатида айта оламанки, “Водий тулпорлари” мажмуаси фарғонадан чемпионлар чиқишига замин яратади.

От – мурод, от баракадир, – дейди хонанда Тошпўлат Маткаримов. –От ҳақида айтган қўшиғим менга фақат омад келтирган. Ўйлайманки, Қувасойдаги замонавий, кўркам наслчилик мажмуаси дунё туристларини ҳам ўзига жалб қилади. Фарғонанинг қорабайир отлари донғи ҳали дунёга  кетади.

Суратларни Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ ва Шерзод ҚОРАБОЕВлар олган.