Туркия кутубхоналари тажрибаси ўрганилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Туркия Миллий кутубхонаси ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази раҳбар-ходимларидан иборат делегация Анқара шаҳридаги кутубхоналарда касбий малака ошириш тадбирларида иштирок этиб, кутубхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Делегация аъзолари Туркия Миллий кутубхонаси, Билкент университети кутубхонаси, Жебежи халқ кутубхонаси ҳамда Меҳмет Акиф Эрсой адабиёт-музей кутубхонасида бўлди.

Сафар давомида бугунги кунда Туркия кутубхоналари тизими, давлат томонидан кутубхоналарни қўллаб-қувватлаш тартиби, ахборот асрида кўрсатаётган фаолияти, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари, босма ва электрон китоблардан фойдаланиш даражаси, кутубхона фондларини рақамлаштириш жараёнидаги илғор тажрибалар, нодир ва қўлёзма асарларни сақлаш, реставрация қилиш, уларни китобхонларга тақдим қилиш масалалари, аудиокитобларни қай даражада йўлга қўйилганлиги каби масалаларни қамраб олган давра-суҳбатлари ва таништирув экскурсиялари ташкил этилди.

Туркия Миллий кутубхонаси директори Зулфи Томаннинг таъкидлашича, кутубхона Туркия маданият ва туризм вазирлигига қарашли. Унинг филиаллари йўқ. Вазирлик тизимида 1200 халқ кутубхонаси ва бошқа тизимларда (ўқув юртлари, ҳокимликлар, идора ва ташкилот кутубхоналари) жами 22 000 кутубхона мавжуд. Туркия олий ўқув юртларида кутубхоначилар тайёрловчи 22 факультет бор. Туркия Миллий кутубхонаси барча кутубхоналарга методик ёрдам кўрсатувчи марказ ҳисобланади.

Туркия Миллий кутубхонаси ташаббуси билан ўзбекистонлик кутубхоначилар Анқара ва Истанбулдаги олий таълим муассасаларининг кутубхоначилик факультетида магистратура ва аспирантура босқичида Туркия томонидан тақдим этилган грант асосида ўқиши мумкин.

Миллий кутубхонанинг ёзма ва нодир асарларни тўпловчи бўлими Истанбулда жойлашган. Ёзма асарлари 400 мингдан зиёдни ташкил этади. Бугунги кунда Миллий кутубхона томонидан фондни рақамлаштириш ва электрон тарзда хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди

Кутубхоналарнинг давлат томонидан молиялаштириш тизими яхши йўлга қўйилган. Фонд тўлдирилиши, янги ахборот технологияларини жорий этиш, мавжуд фонддан унумли фойдаланиш, бу борада Туркия фуқароларига алоҳида имтиёзлар бериш каби масалалар ижобий самараларини кўрсатган.

Қўлёзмалар, нодир асарлар, қадимий аксессуарлар (пул бирликлари, диск, грампластинка, пластинка, почта маркалари, тақвимлар, қадимий расмлар, лоторея намуналари, ноталар… 30 хилдан зиёд) учун эса алоҳида маблағ ажратилади. Энг асосийси, кутубхона фуқаролардан тўғридан-тўғри адабиётлар ва ушбу аксессуарларни сотиб олиши мумкин.

Миллий кутубхона фондида қўлёзма асарлар 27796 нусхани ташкил этади. Уларнинг 70 фоизи араб тилида, 20 фоизи турк тилида ва қолган 10 фоизи форсча, грекча ва бошқа тилларда сақланади. Асарлар асосан 1928 йилдан олдинги усмоний алифбосида ёзилган. 1454 эски лотин ёзувида. Бу асарлар тўлиқ электрон шаклда, омма учун очиқ ҳолда тақдим этилган.

Кутубхонада имконияти чекланган китобхонлар учун барча шароитлар яратилганини ҳам алоҳида ўрганилди. Кўриш қобилияти паст ва умуман аудиокитобларга қизиқувчилар учун овоз ёзиш студияси ташкил этилган. Студия 5 та хонадан иборат бўлиб, асосан волонтёрлар (кўнгиллилар) ўртасида танлов ўтказилиб, овоз диапазони талабга жавоб берадиган фуқаролар танлаб олинади. Ва кўриш қобилияти 40 фоизгача бўлган фуқаролар талабномаси ёки режа асосида аудио асарлар яратилиши йўлга қўйилган. Бу 2007 йилда бошланган.

Бу лойиҳа асосан кўзи ожизлар учун яратилган бўлиб, уларнинг осон фойдаланишлари учун барча қулайликлар мавжуд. Масалан овозли қидирув тизими, танлаш, фойдаланиш, буюртма бериш каби афзалликлари бор. Шунингдек, китоблар билан мусиқа ҳам инсон руҳий оламининг бир қисми ҳисобланади. Шу боис мусиқий бўлим ҳам очилган бўлиб, портал орқали мумтоз мусиқий асарлар ҳам яратиб келинмоқда.

Миллий кутубхона бир вақтнинг ўзида 1600 нафар фойдаланувчини қабул қила олади ва бугун билимга чанқоқ ёшлар хизмат кўрсатиш ўрнидан фойдаланиш учун навбат кутишларига тўғри келмоқда.

Билкент университети кутубхонасида айниқса, қўлёзма ва нодир асарларни сақлаш, ундан фойдаланиш тартиби, аудио ва видео материаллар учун алоҳида хизмат турини ташкил этилганлиги, ундан фойдаланиш учун махсус хоналар ажратилиб, жиҳозланганлиги эътиборга молик.

Жебежи халқ кутубхонаси, Меҳмет Акиф Эрсой адабиёт-музей кутубхонаси ҳам мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, деярли бир хил хизмат кўрсатади. Бу кутубхоналарда фойдаланувчилар учун асосан фонд очиқ туради. Жебежи халқ кутубхонасида болалар учун алоҳида бўлим ташкил этилган ва ўзига мос шароит яратилган. Адабиёт-музей шаклидаги Меҳмет Акиф Эрсой кутубхонаси эса шинамлиги ва қулайлиги билан фойдаланувчида мутолаа завқини, бадиий адабиётга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази 2 йилдан буён “Мен ўқишни севаман” акцияси ташкил этилмоқда. Мазкур акция Туркия кутубхоналарида ҳам ўтказилди.

 

Шоҳидбек АСЛОНОВ,

Аҳмад Фарғоний номидаги

вилоят ахборот-кутубхона маркази директори.