Сабантўй – дўстлик ва эзгулик тантанаси

Аҳмад Фарғоний номли истироҳат боғи саҳнаси ва майдончалари бўйлаб намойиш этилган, татар халқининг миллий урф-одатлари, қадриятлари, шунингдек, вилоят татар миллий маданий маркази фаолияти акс эттирилган кўргазмалар байрам иштирокчиларининг эътиборини тортди.

Вилоят татар миллий маданий маркази раҳбари Равиль Тугушев тантанали тадбирни очар экан, вилоятимизда ўн бир йилдан буён кенг миқёсда нишонланиб келаётган ушбу байрам нафақат татар халқининг, балки бир Ватанда аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшаётган миллатларнинг муштарак байрами эканлигини таъкидлади.  Мамлакатимизда турли миллатларнинг миллий қадриятларини асраб-авайлашга кўрсатилаётган эътибордан миннатдорлигини изҳор этди.

Байрам тантанаси Фарғона шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижросидаги доира садолари билан бошланди. Вилоят татар миллий маданий маркази қошидаги “Кубалягэм” вокал-фольклор ансамбли жамоаси томонидан ижро этилган “Сабантуй”, “Жомга”, “Фазил чашмасе”, “Ай, был-былим», “Кун аулы” сингари куй-қўшиқлар байрам тараннумига бағишланди. Миллий маданий марказнинг ўсмир ёшлардан иборат “Шатлик” ҳамда “Кубаляшки” болалар мусиқий дасталарининг чиқишларида миллий қадриятлар бардавомлиги, эзгу тантананинг рангин тасвирлари намоён бўлди. Равиль Тугушев ва Элина Арден ижросида рус ва татар тилларида янграган қўшиқлар томошабинлар олқишини олди.

-Сабантўйни татар миллий рақслари ва спорт ўйинларисиз тасаввур этиб бўлмайди, – дейди Альфия Шайдулина. – Бугунги байрамда ташкил этилган рақслар танлови, айниқса, қизиқарли ўтди, мириқиб рақс тушдик, тинчлик ва дўстликни баралла куйладик.

 

Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ олган сурат.