Ҳаракатлар стратегияси –болажонлар нигоҳида

Фарғона тумани Лоғон қишлоғида жойлашган 52-давлат мактабгача таълим муассасасида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир боғча тарбияланувчиларнинг турли йўналишлардаги истеъдодларини намойиш этиш имконини берди.

“Ҳаракатлар стратегияси – болажонлар нигоҳида” мавзусида ўтказилган тадбирда тумандаги мактабгача таълим муассасалари методист ва тарбиячилари, ота-оналар, маҳалла фуқаролар йиғини, ҳамкор ва ҳомий ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Болажонлар мамлакатимизда баркамол авлод орзуси йўлидаги хайрли ишлар, она Ватанга муҳаббат, юрт тинчлиги, миллатлараро дўстлик ва тотувлик, порлоқ келажак сингари эзгу  тушунчаларни саҳна кўринишлари, шеър ва қўшиқлар, беғубор рақслар ижроси орқали тасвирлаб беришди.

Тарбиячилар, жажжи ўғил-қизларни вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдузхон Хўжаева қутлади, уларга эсдалик совғалари топширилди. Шу куни муассасада ташкил этилган кутубхона фонди янги китоблар жамланмаси, болалар адабиёти намуналари билан бойитилди.

 Шамсиддин ҚОРАБОЕВ олган сурат.