Дунё шодликлари сенга, болажон!

Жажжи дилбандларимизга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, қувончли онларни туфҳа этишга бағишланган тантанада минглаб бахтиёр болажонлар жам бўлишди.

Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали пойида иқтидорли ёшлар, мусиқий дасталар, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари иштирокида концерт дастури намойиш қилинди. Бахтли болалик, Она Ватан меҳри тараннум этилган куй-қўшиқлар  байрам қатнашчиларини рақсга чорлади.

-1 июнни орзиқиб кутамиз, -дейди Фарғона шаҳридаги “Кўзмунчоқ” болалар дастаси аъзоси Мирзоҳид Олимов. –Шу куни тенгдошларимиз учун қувноқ дастурлар  намойиш этиш билан бирга, ўзимиз ҳам дилдан яйраймиз.

Умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказларининг ранг-баранг кўргазмалари, шунингдек, миллий ҳунармандчилик, тадбиркорлик маҳсулотлари намойиш этилган расталар юртдошларимиз билан гавжум бўлди.

-Қизалоқларим Фарангизхон ва Дурдонахонлар байрамда ўйнаб-кулишяпти, – дейди Тошлоқ тумани Заркент қишлоғилик Мавлудахон Бегматова. – Уларнинг қувончи учун мана шундай тантаналарни ташкил этган боласевар давлатимиздан миннатдормиз.

Майдон бўйлаб эртак ва мултьфилм қаҳрамонларининг ўғил-қизлар билан бирга сайр этишлари, қўғирчоқ театри ижодкорларининг чиқишлари болаларда худди сеҳрли эртаклар оламига тушиб қолгандай тасаввур уйғотди, беғубор лаҳзалар тасвирларга муҳрланди.

“Фарғона китоб олами” МЧЖ томонидан “Китоб – асл дўстинг, болажон!” шиори остидаги энг сара китоблар ярмаркаси ва арзонлаштирилган савдоси йўлга қўйилди. “Фарзандимга бир китоб” лойиҳаси орқали китобсевар ота-оналар фарзандларининг байрамига китоб совға қилишди.

Истироҳат боғининг кичик амфитеатрида “Сен Ватан ардоғидасан, болажон!” номли бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди.  Вилоятимизнинг “Кичкинтой”, “Алёр”, “Солнишко”, “Шодиёна” сингари болалар ашула ва рақс жамоалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман-шаҳар кенгашларининг фаол ва иқтидорли ёшлари ижросидаги тароналар барчага завқ улашди.

Байрам тадбири доирасида “Мафтункор ранглар жилоси ” кўрик-танловининг вилоят босқичи, шунингдек, асфальтга расм чизиш, стол тенниси, шахмат-шашка, кураш мусобақалари ҳар томонлама баркамол авлод вояга етаётганини яна бир бор кўрсатди.

Байрам иштирокчилари, ўтказилган танлов ва мусобақалар ғолибларига вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда қатор ҳамкор, ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди.

 Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.