Энг яхши инновацион лойиҳалар сарҳисоби

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган танловнинг вилоят  босқичида фарғоналик аёлларнинг энг яхши инновацион лойиҳалари саралаб олинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши юртимиздаги барча олимлар, рационализаторлар, илмий изланувчиларнинг фаолиятини жонлантиришга кенг йўл очгани билан янада аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Ихтирочи аёллар” уюшмаси томонидан “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” республика танловининг ташкил этилиши мамлакатимиз аёлларининг илмий салоҳияти, инновацион фаоллигини намойиш қилиш баробарида, илм-фан ва тадбиркорликнинг янги йўналишлари кашф этилишига хизмат қилаётганини эътироф этсак арзийди.

Фарғона политехника институтида мазкур танловнинг вилоят босқичи ўтказилди. Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, фан ва таълим йўналишларида фаолият кўрсатаётган юзга яқин хотин-қизлар ўзларининг янги инновацион ғоя ва лойиҳалари билан иштирок этишди.

Танловнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Алимова сўзга чиқиб, фарғоналик фаол инноватор аёллар республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, илм-фан тараққиётида муносиб ўрин эгаллаб бораётганлигини таъкидлади.

Бешта йўналиш бўйича тайёрланган энг яхши инновацион лойиҳалар алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда сараланди. Бу жараёнда таклиф этилган ғоя ва лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ривожидаги ўрни, ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятларини кенгайтириш ва халқаро миқёсга олиб чиқишдаги аҳамиятига эътибор қаратилди.

Танлов ғолиблари 9 та номинация бўйича аниқланди. Унга кўра, Фарғона политехника институти профессори Анорахон Қосимохунова ва Фарғона тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Одинахон Райимжонова “Энг яхши ихтиро” муаллифлари деб тан олинди. Шунингдек, “Фарғона ёғ-мой” акционерлик жамияти ёғ ишлаб чиқариш тизими технологи Нафисахон Қодирова “Энг яхши саноат намунаси”, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали ассистенти Нодира Мамасодиқова “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси”, Фарғона политехника институти талабаси Зулайҳо Эрматова “Энг яхши рационализаторлик таклифи”, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали талабаси Камолахон Ҳайдарова “Энг самарали инновацион лойиҳа”, Қўқон давлат педагогика институти ўқитувчиси Дилрабо Норқўзиева “Аёллар илмий жамоасининг энг самарали инновацион лойиҳаси”, Данғара туманидаги “Аyubxon textile” корхонаси раҳбари Дилшодахон Усмонова “Кичик бизнес учун энг самарали инновацион лойиҳа”, Қўқон давлат педагогика институти кафедра мудири Дилорам Солиева “Таълим соҳасидаги энг самарали  инновацион лойиҳа” ва Марғилон шаҳридаги 2-тиббиёт коллежи ўқувчиси Оязимхон   Пўлатхонова “Ўқувчи қизнинг энг истиқболли инновацион ғояси” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритишди. Уларга диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Сараланганлар танловнинг республика босқичида иштирок этадилар.

Танлов доирасида олимлар Набижон Солиев ва Роҳатхон Қорабоеваларнинг Фарғона заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, академик ва профессорлар, бугунги илм-фанимиз фидойилари ҳақидаги “Фарғона олимлари” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.