“SMART KIDS” – янги ва инновацион болалар боғчаси

Олтиариқ туманида “Smart kids” номли янги нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди. Мазкур болалар маскани “Обод қишлоқ” дастури асосида улкан  бунёдкорлик майдонига айланган Қапчуғай қишлоғининг замонавий ва гўзал қиёфа касб этаётганига яна бир ёрқин далил бўлди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев янги ва инновацион болалар боғчасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, ушбу муассаса эртанги кунимизнинг муносиб эгалари, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб, камолга етказишига ишонч билдирди.

Замон талаблари асосида қад ростлаган муассаса қулай ва бежирим жиҳозлар, энг илғор технологиялар, педагогик ўқув-услубий қўлланмалар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, болаларнинг мукаммал таълим-тарбия олишлари учун етарли шароитлар муҳайё этилган. Болалар кутубхонаси, ёзги ўйингоҳ, айвончалар, сузиш ҳавзаси, спорт майдончаси, 8 та гуруҳга мўлжалланган бежирим ётоқхона ва машғулот хоналари, овқатланиш хонаси, мусиқа зали, айниқса, тарбиявий ўйинчоқлар ва ранг-баранг ўқув қуроллари ҳар қандай болажонни мазкур маскан бағрига чорлайди, уларга болалик гаштини суриш баробарида муносиб тарбияланиш имконини яратади. Инглиз ва рус тиллари, ментал арифметиканинг янги инновацион методлар асосида ўргатилиши эса “Smart kids” фаолиятининг жаҳон стандарти талабларига мос мазмун касб этишини англатади.

-Муассасамиз 200 нафар ўғил-қизларни қамраб олиш имкониятига эга, -дейди  болалар боғчаси мудираси Дилдорахон Атақўзиева. – Ҳозирда 50 нафар болажонларимиз билан иш бошладик, қабул жараёни давом этмоқда. Ҳудуддаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 25 нафар болалари вилоят ҳокимлигининг моддий кўмаги асосида муассасамизда имтиёзли тарбияланадиган бўлишди.

Жорий йилда ҳудудда яна 9 та ана шундай нодавлат мактабгача таълим муассасалари иш бошлаши кўзда тутилган.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.