Худудий бошқармалар фаолияти назорати

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида “Агентликнинг худудий бошқармаларида ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизомини таъминлаш” мавзусида республика ўқув семинари ташкил этилди. Унда вилоят матбуот ва ахборот бошқармасининг барча масъул ходимлари  иштирок этдилар.

Семинарда ҳудудий бошқармалар фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, ижро интизоми ва ҳужжатлар билан ишлаш тартиблари, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар фаолиятини мувофиқлаштириш, китоб тарғиботи, матбаа корхоналари фаолиятини назорат қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, ҳудудий бошқармаларда иқтисодий-молиявий ишларни ташкил этиш, соҳада салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш талаб этилади. Оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятини ошириш учун, аввало, таҳририятларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос фаолият кўрсатишини назоратга олиб, кўмаклашиш,  таҳририятларда шарт-шароит ва имкониятларни кенгайтиришда муассислар масъулиятини кучайтириш, “оқсоқ таҳририятлар” билан алоҳида иш олиб бориш, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан ўз вақтида тегишли таъсир чораларини қўллаш муҳим жиҳатлар саналади. Бу борада иштирокчиларга Фарғона тажрибасидан фойдаланиш тавсия этилди.

Таҳлилларга кўра, Фарғона вилоятида  2018 йил май ойи ҳолатига 75 та газета ва 13 та журнал рўйхатдан ўтган. Афсуски, бугунги кунга келиб вилоятда 9 та даврий нашрлар маълум сабабларга кўра вақтинча чоп этилмаётир. Улардан 4 таси   Бувайда туманида “Одил ҳаёт”, “Овоза”, Бағдод туманида “Хабарчи плюс”, Қўштепа туманидаги “Нишон” хусусий газеталар муттасил даврийликка амал қилмай келмоқда. Бундан ташқари, оғир иқтисодий ҳолатга тушган таҳририят ёхуд таъсисчи бўлган ташкилот раҳбариятининг мутлақо эътиборсизлиги оқибатида 2 та   Фарғона шаҳридаги “Тадбиркор ва тараққиёт”, Марғилон шаҳридаги “Тилсим” газеталари олти ойдан буён умуман фаолият юритмаяпти. Натижада, қонунчиликда белгиланган тартибда мазкур таҳририятлар фаолиятини тугатиш ва ОАВ гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судларга Бошқарма томонидан аризалар киритилган.

Тадбир давомида ҳудудларда контрафакт матбаа маҳсулотларига қарши кураш борасидаги ишларни самарали ташкиллаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашиш мавзуларида видеоролик намойиш этилди.  Соҳада бу каби тарғибот ишларини қуйи бўғинларда ҳам тизимли олиб бориш бўйича тавсиялар берилди.

 

У.ЖАББОРОВ,

вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи.

Б. ЮНУСОВА,

бошқарма бош мутахассиси.