Қарорлар мазмун-моҳиятига бағишланди

Фарғона вилояти адлия бошқармасида “Адлия ахбороти” брифинги ўтказилди.

Жорий йилнинг 10 майидан 14 май кунига қадар муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 11 та қарор мазмун-моҳияти,  яратиб бериладиган имкониятлар ва соҳалардаги ўзгаришлар билан таништирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майдаги “Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аллергик касалликларни эрта аниқлаш учун 18 ёшга тўлмаган ва хавф остида бўлган болаларни 2019 йил 1 январдан 1 июлгача текшириш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилади. Бир марталик акция оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида, шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига борган ҳолда бепул ташкил этилади.

“Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси «Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, Олмалиқ шаҳрида (Тошкент вилояти) Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси «Миллий технологик тадқиқотлар университети (Россия Федерацияси) «МИСиС»нинг филиали очилади.

Филиал республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлайди.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган «МИСиС» МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Брифинг давомида қарорлар шарҳига бағишланган видеоролик намойиш этилди.  Соҳа мутахассисларининг фикр, мулоҳазалари тингланди.