Синовлардан ўтган бағрикенглик

Қадимдан  турли  миллат  ва элатлардан  таркиб  топган Ўрта Осиё халқлари миллати, тили ва диний қарашларидан қатъий назар, шу заминни ўз ватани деб билган, бир тану жон бўлиб умр кечирган.

Ҳозирги кунда республикамизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари “Ўзбекистон-умумий уйимиз” тамойили асосида ягона Ватан мустақиллиги, тинчлик-осойишталиги ва тараққиёти учун меҳнат қилиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳат бўлиб яшамоқдалар.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, дастлабки синогога  Бухорода УШ асрдаёқ қурилган. Ўрта аср Европаси ва Византия империясидан қувғин қилинган яҳудийлик дини  Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга бўлган.

Х!Х асрда Россиянинг марказий минтақаларидан мажбурлаб кўчириб келинган  деҳқонларга маҳаллий  мусулмон  аҳоли  ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзган. Ўша давр  воқеаларини кўрган Харитон: “Маҳаллий аҳоли ночор кўчманчиларга раҳмдиллик билан муносабатда бўлдилар, бусиз уларнинг кўпчилиги очлик, муҳтожликдан ўлиб кетган бўлар эди” дейди.

Ёки собиқ мустабид тузум даврини олайлик. Архиепископ Владимирнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида сургун қилинган 300 дан ортиқ руҳоний ва монахларни  ўзбеклар  ўз ҳаётларини  хавф остига қўйиб бўлса-да яширишган. Масалан, Тошкентдаги  Свято-Николай  аёллар  монастрининг сўнгги  бошлиғи, отишга  ҳукм  қилинган  Игуменья Лидия (Нагорнова) нинг қамоққа олинишидан олдин уни қочиб кетишига Жўра исмли ўзбек йигити кўмаклашган.

Миллатимизнинг бағрикенглиги Иккинчи жаҳон уруши арафасида ҳам кенг намоён бўлган. Суронли тоталитар тузум қатағонига учраган минглаб  месхети турк ва қрим татар миллатлари яшаш жойларидан қувғин қилинган. Улар бағрикенг ўзбек хонадонларидан  қўним топишган. Халқимиз ўз уйларидан жой бериб, кийим ва таомини тенг бўлишган.

Иккинчи жаҳон урушининг оғир йилларида 1 миллиондан ортиқ турли миллатга мансуб кишилар, уруш аланга  олаётган  минтақалардан  Ўзбекистонга  кўчириб  келтирилган. 200  мингдан ортиқ ёш болалар боғча-ясли ва ўзбек хонадонларидан қўним топишган. Зеро, халқимизнинг бағрикенглик ва болажонлилик фазилати оғир дамларда синовдан ўтган.

Азалий  қадриятларимизга ҳамоҳанг равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида миллатлар ва динлараро   бағрикенглик тамойиллари  ҳимояланган. Фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, шахси, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар тенглиги қонун йўли билан кафолатланган.

Бугунги кунда республикамизда 27 та миллатнинг 138 та миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Конституциянинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” дейилган.

Республикамизда бугунги кунда 2238 та диний ташкилот мавжуд. Шунингдек, рус проваслав  черкови, рим католик, тўлиқ Евангель христианлар черкови, Евангель христиан баптистлар черковларининг борлиги диний   бағрикенглик намунасидир.

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021  йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар старетегиясида миллатлар ва динлараро бағрикенглик масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди.  Унутмайлик, ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарвар, бағрикенг ва етук инсон қилиб тарбиялашимиз, уларни ёт ғоялар таъсирига тушмаслиги учун Ватан олдида жавобгармиз.

Тоҳиржон ТУРҒУНБОЕВ,

Фарғона давлат университети чақириққача

 ҳарбий таълим факультети катта ўқитувчиси,

 захирадаги подполковник.