Давлат харидларини амалга ошириш

Мамлакатимизда давлат ва корпоратив харидлари механизмини янада такомиллаштириш ҳамда тендер савдоларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича изчил ҳамда комплекс саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан электрон савдолар жорий қилинди, Республика товар-хом ашё биржаси махсус ахборот портали яратилди, товарлар (ишлар, хизматлар) хариди бўйича, жумладан, инвестиция лойиҳалари доирасида кўп поғонали идоралараро тендер комиссиялари тузилди.

Ўз навбатида давлат харидлари тизимида замонавий шакл ва механизмларни ишлаб чиқиш ҳаётий заруратга айланди. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 9 апрель куни тасдиқланган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун бу борадаги муносабатларни тартибга солди.

Жами 12 боб, 79 моддадан иборат ушбу Қонун давлат дастурлари, давлат буюртмачиларининг лойиҳалари, хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидларига, Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Президент ва ҳукумат  томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва бўлмаган  чет эл ташкилотлари билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилди.

Қонуннинг 2-моддасида давлат харидлари тўғрисидаги ҳуқуқий хужжатлар кўрсатилган. “Давлат харидлари тўғрисидаги қонун хужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун хужжатларидан иборатдир”, дейилади унда. 4-моддада давлат харидларининг асосий принциплари сифатида давлат буюртмачиларининг касбий махорати, асосланганлик, маблағлардан фойдаланишнинг оқланганлиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, шаффофлик ва  очиқлик, тортишув ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик айтиб ўтилган. Унда хар бир йўналишга алоҳида изоҳ берилганлиги Қонуннинг моҳиятини теранроқ англашга хизмат қилади.

Қонуннинг “Давлат харидлари  соҳасидаги ваколатли орган” деб номланган 14-моддасида  Ўзбекистон  Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган эканлиги баён қилинди, ваколатли органнинг вазифалари санаб ўтилди. 15-моддада эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколати кўрсатиб ўтилган.

Қонуннинг 4-боби давлат харидлари жараёнига доир умумий талабларга бағишланади. 29-модда “Иштирокчиларга қўйиладиган талаблар” дейилиб, иштирокчиларнинг маънавий таъминланганлигидан ташқари уларга тўғри ва холис бўлиши талаби қўйилади. 42-модда “Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри”, деб аталади. Унда суд қарорига кўра, фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция ҳаракатлари билан боғлиқ жиноятчиларни содир этганликда айбдор деб топилган ва бошқа салбий ҳолатлар иштирокчиси бўлган ижрочилар инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри махсус ахборот портали оператори томонидан шакллантириладиган рўйхатга киритилиши айтилган. Рўйхатга кириб қолган иштирокчилар уч йил давомида давлат харидларида иштирок эта олмайди.

Қонуннинг 6-бобида аукцион, 7-бобида танлов, 8-бобида тендер ўтказиш жараёнлари баён этилади. Моддалар замирига харид чоғида тўғрилик, коррупцияга йўл қўймаслик, қонунга амал қилиш, холислик сингдириб юборилганки, бу давлат хариди жараёнида шаффофлик таъминланишига хизмат қилади. 9-боб ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари, 10-боб харид қилиш тартиб-таомилларини мониторинг ва назорат қилиш, 11-боб давлат хариди жараёнида шикоятларни кўриб чиқиш масалаларини қамраб олганлиги билан характерлидир.

Шунингдек, 76-моддада давлат харидлари тўғрисидаги тартиб-қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик Қонун хужжатларига мувофиқ ҳал этилиши кўрсатиб ўтилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, “Давлат хариди тўғрисида”ги Қонун ўз вақтида қабул қилингани билан эътиборга моликдир.  У бюджет  маблағлари ва бошқа марказлашган манбаалардан, кредит ресурсларидан хукумат кафолати остида, самарали, оқилона фойдаланиш, давлат харидларидан танлов асосида, шаффоф, очиқ механизмга асосланган ҳолда кенг фойдаланиш ҳамда коррупцияга қарши курашишга кўмаклашувчи давлат харидлари тизими яратилишига имкон яратди.

 

Рустамали МАЖИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.