Қинғир иш ошкор бўлди…

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди очиқ суд мажлисида фуқаро ишончини суистеъмол қилиб, фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилган жиноий гуруҳ иши кўриб чиқилди ва жазо чораси тайинланди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 5-мой, парафин ишлаб чиқариш технологик цехи бошлиғи Диёр Ҳалилов, завод цех механиги Абдумалик Халилов ва заводнинг мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Нодирхўжа Сайдумаровлар ўз мансабини  суистеъмол қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан пора беришга ундаш жиноятини содир этдилар.

Д.Халилов ўтган йил апрел ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида битирув амалиётини ўтаётган Фарғона нефт ва газ саноати касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зарифахон Холиқова (исм-фамилия ўзгартирилган)нинг заводга ишга кириш учун етарли балларга эга бўлмаганлиги,  у билан тўрт томонлама шартнома тузилмаётганлигини таъкидлаб, мазкур масалани ишни ҳал қилиш ваколатига эга бўлган танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтади ва бунинг эвазига 500 АҚШ долларини пора тариқасида беришга ундайди.

Келишилган пулнинг 200 долларини қўлга киритгач, уни заводда кўп йиллардан буён юқори лавозимларда ишлаган А.Халиловга беради. А.Халилов ўз навбатида пулнинг тенг ярмини ўзида олиб қолиб, қолган ярмини Н.Сайдумаровга тақдим қилади. Гўёки ҳамкасбининг “жияни”га ёрдам кўрсатаётган олғирлар “иш”ни удда қилишади. З.Холиқованинг расман ишга қабул қилиниши билан яна 200 доллар “хизмат ҳаққи”  олишлари маълум қилинади.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, поранинг миқдоридан қониқмаган Н.Сайдумаров А.Халиловга телефон орқали боғланиб, қолган пулга шаъма қилади. Бир сўз билан айтганда, шериклар безовталаниб қолишади. Ўз навбатида Д.Халилов ҳам З.Холиқованинг отасидан яна пул маблағини сўрашдан ор қилмайди. Отанинг чорасизлигига қарамай, қизининг ишга киролмай қолиши, аввал берган пулларига ҳам куйишини айтиб, чўчитади. Дастлабки 200 долларни ҳам таниш-билишларидан қарз ҳавола қилиб, топган ота қонун ҳимоячиларига ариза билан мурожаат қилишни энг тўғри йўл, деб билади.

У келишилган қийматдаги пулни олиб келганда пора олувчиларнинг кўнгли жойига тушди. Бироқ қинғир иш барибир ошкор бўлади, деганларидек, кимёвий ишлов берилган пулларни  қўлга киритганларида уларнинг бу қилмишидан ҳуқуқий идоралар ходимлари хабар топганини англаб етдилар.

Суд залида ўз айбига тўла иқрор бўлиб, жиноий қилмишидан пушаймонлигини билдирган судланувчиларга нисбатан одилона ҳукм чиқарилди. Судланувчи Диёр Ҳалилов, Абдумалик Халилов ва Нодирхўжа Сайдумаровлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28- ва 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилдилар. Содир этилган қилмишнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилигини ҳисобга олиб,  уларнинг ҳар бирига икки йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.