Олимлик толейи, устозлик шарафи

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали ўқув ва илмий тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари, физика-математика фанлари доктори Акбарали Расулов илм-фанга бўлган чексиз муҳаббати билан юксак шарафга эришган, самарали илмий-педагогик фаолиятини олиб бораётган заҳматкаш олимлардан биридир.

Акбарали Расулов Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилиб камолга етган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ининг “Амалий математика ва механика” факультетида етук фан арбоблари, таниқли устозлар сабоғини олган. 1986 йилда университетни тамомлаган ёш мутахассис Фарғона политехника институтининг “Физика” кафедрасида лаборант лавозимида иш фаолиятини бошлади. Илмга бўлган катта иштиёқини сезган институт раҳбарияти шу йилнинг ўзида унинг Ўзбекистон Фанлар академиясининг электроника институтига шогирд-тадқиқотчи сифатида юборишларини сўраб қилган мурожаатини қўллаб- қувватлади ва бўлажак олим 1987-1990 йилларда ушбу институт аспирантурасида ўқиди.

Тинимсиз изланишлар бесамар кетмади: 1991 йилда «Субмоноқатлам билан қопланган сиртларда ионларнинг каррали сочилиши ва юпқа монокристалларда каналлашуви» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1991-1995 йилларда Фарғона политехника институти “Ҳисоблаш техникаси ва программалаштириш” кафедрасида талабаларга билим берди. 1995-1998 йилларда эса Тошкент Давлат университети “Яримўтказгич ва диэлектриклар физикаси” кафедраси докторанти бўлди. 1998-2005 йилларда Фарғона политехника институти “Ахборот ва ахборот технологиялари” кафедраси мудири лавозимида, 2005-2009 йилларда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали ўқув ва илмий тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилди. Олим  2010 йилда “Юпқа монокристаллардаги ўрта ва паст энергияли ионларнинг сочилиши ва имплантацияси жараёнларини каналланиш шароитида компьютер моделлаштириши усулида тадқиқ қилиш” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Устознинг 200 дан ортиқ илмий ва ўқув услубий ишланмалари, жумладан, хорижий журналларида 30 та мақоласи, 2 та дарслик, 1 та монография, 5 та ўқув қўлланмалари чоп этилган. 2 та электрон дарслик ва кўплаб интерактив электрон ишланмалари ўзида замонавий ахборот технологиялари имкониятларини мужассам этгани билан алоҳида қиммат касб этади.

Захматкаш олимнинг илмий фаолияти халқаро илмий жамоатчилик томонидан ҳам муносиб эътироф этилган. У “Бельгия давлати илмий грант фонди” бўйича Брюссель Мустақил университети олимлари билан ҳамкорликда кристалл  сиртида металл кластерларини тушириш билан юпқа наноструктура ўстириш жараёнини компьютер модели ёрдамида тадқиқ этиш бўйича ишлаган. Олимнинг Япония, Америка Қўшма Штатлари университетларида ўтказилган илмий анжуманлардаги чиқишлари эса ўзбек олимларининг салоҳияти ва изланувчанлигини намоён этган.

Жорий йил Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссиясининг қарори билан физика-математика фанлари доктори Акбарали Расуловга профессор илмий унвонининг берилгани олимнинг узоқ йиллик самарали фаолияти, эришган натижаларининг муносиб эътирофи бўлди ва вилоятимиз илмий жамоатчилиги, хусусан, олий таълим даргоҳимиз профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшларини бениҳоя қувонтирди. Зеро, олимлик захмати ва устозлик шарафига берилган бундай баҳо ёш тадқиқотчи олимларни ҳам самарали илмий фаолиятга ундаши, филиалимизда яна кўплаб илм-фан фидойиларининг камолга етишига катта умид уйғотади.

 

Шаҳобиддин ХОЛМАТОВ,

ТАТУ Фарғона филиали гуманитар ва ижтимоий фанлар

кафедраси мудири,  доцент.