Соғлом нигоҳларда порлоқ келажак акси

Жамғарманинг соғломлаштириш дастурлари доирасида жорий йилнинг 26-31 май кунлари вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига Корея Республикасининг  “Severance” Ёнсей университети профессорлари ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг малакали жарроҳлари ташриф буюришди.

Улар иштирокида вилоятимиздаги бемор болаларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш ва операция йўли билан даволашни кўзда тутган  хайрия акцияси амалга оширилди.

Хайрия тадбирининг дастлабки кунлари 300 нафарга яқин туғма нуқсонлар, куйиш ва турли операциялар асоратлари билан оғриётган бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кам таъминланган оилалар фарзандлари, “Мурувват уйлари” тарбияланувчилари, шунингдек, кучли тиббий зарурат туфайли танлаб олинган 35 нафардан зиёд болажонлар жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилди. Кореялик профессорлар Парк Бёнг Юнг, Ким Ёнг Ук, Чонг Ёнг Унлар операция жараёнларига бош-қош бўлишди.

-Республикамизда қарийб йигирма йил муқаддам бошланган бундай хайрия тадбирлари  натижасида минглаб болаларимиз соғлом ҳаётга қайтарилди, -дейди Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош болалар пластик жарроҳи Муроджон Жаъфаров. –Мазкур йўналишда халқаро тажрибалар ўзлаштирилиб, пойтахтимизда “Болалар пластик хирургия маркази” очилди. Бугунги кунда пластик жарроҳлик бўйича малакали тиббий кадрларни тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди. Вилоятда ўтказилаётган жарроҳлик амалиётларида фарғоналик ёш пластик жарроҳлар ҳам иштирок этиб, тажриба орттиришаётани республикамизда мазкур соҳа истиқболига бўлган умидимизни оширмоқда.

Фарзанди жисмига соғлиқ, юзига табассум қайтган ота-оналарнинг шодумонлиги,  миннатдорлигининг чеки йўқ.

-2015 йили қизим танглай нуқсони билан туғилганда жуда тушкун аҳволга тушиб қолганмиз, -дейди Данғара туманилик Асалхон Муҳаммадиброҳимованинг онаси Дилнозахон Ҳамроева. –Унинг малакали профессорлар  томонидан  операция йўли билан даволаниши бутун оиламиз, фарзандимнинг келажаги учун ҳам катта хурсандчилик бўлди.

-Она учун дунёда боласининг соғлигидан-да ортиқ бахт йўқ, -дейди Фарғона тумани Каптархона қишлоғида яшовчи Фотимахон Аминжонова. –Ушбу хайрия тадбири менга ана шу бахтни туҳфа қилди. Ўғлим Давлатёр Мўминжоновнинг ўнг қўл панжалари куйиш оқибатида нуқсонли бўлиб қолган эди. Эндиликда у ҳам тенгқурлари сингари бармоқларини бемалол ишлата олади. Бунинг учун болапарвар давлатимиздан, фидойи ва олижаноб шифокорлардан миннатдорман.

Туғма ва куйиш, турли операциялар асорати сифатида сақланиб қолган нуқсонларидан халос бўлиб, соғлом ҳаётга қайтган болажонлар орасида Шукронахон Ўринбоева, Саидкамол Туробжонов,   Имронбек Асқаров, Зилолахон Мусаева, Билолиддин Мўминов сингари ўғил-қизлар ҳам бор.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан вилоятимизда болаларни соғломлаштиришга қаратилган бундай эзгу тадбирлар дилбандларимизга бахтли болалик ва порлоқ келажак асосини туҳфа этаётгани билан ғоят қимматлидир.