Қалтис қадам жазоси

“… Оилавий шароитим оғир. Пулга қийналиб қолдим. Ўзимни овутиш мақсадида  спиртли ичимлик ичишга ружу қўйдим. Аммо аҳволим бу билан яхшиланмади. Хотиним болаларни олиб уйдан кетиб қолди. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди…”

Бағдодлик  Авазжон  Мелиевнинг жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида  берган кўрсатмасида у ўз ҳолатини  шундай баён қилди.   Кейин нима қилган дерсиз. Албатта, у иш қидирди. Аммо ҳаётини яхшилаш, издан чиққан турмушини тиклаш учун эмас, шунчаки пул топишни кўзлади. Аввал  содир этган қилмиши ва жиноят ишлари бўйича Мархамат тумани суди томонидан тайинланган жазо яраси битмай туриб, уни янгилади.

2017 йилнинг июль ойларида дастлабки  тергов даврида  шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган  қўқонлик Дилфуза билан  учрашиб қолганида ишсизлиги, пул топишга қийналаётганлигини билдирди.  Телефон рақамини қолдирди.  Аммо ўзи каби нафс ботқоғига ботиб, ўзгалар саломатлигини оғулаш асосида кун кечирадиган кимсадан қандай таклиф чиқишини яхши биларди.

Сиз учун иш бор, –  салом-алиқдан   сўнг мақсадга кўчади таниши. – Агар Тожикистон Республикаси фуқароси  Шавкат исмли шахсдан “опий” гиёҳвандлик  моддасини  олиб келиб берсангиз  мўмайгина даромадга эга бўласиз.   Йўл ҳаражатингиз учун 200 минг сўм пул бераман.

У рози бўлди. Берилган рақам бўйича қўнғироқ қилиб, гиёҳвандлик моддаси  беркитиладиган жойни келишиб олдилар.

А.Мелиев шу йилнинг 13 июль куни шериги томонидан яшириб қўйилган Тошкент вилояти  Бўка тумани  Бахмал қишлоғининг Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти билан кесишган чегара айланма йўли яқинида жойлашган “О.Шодиев”  фермер хўжалигига  қарашли  пахта дала майдонидаги симёғоч остига кўмилган тўрт дона целлофанга қадоқланган 3622,0 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини топди.  Аммо модда “эгаси”га етиб бормади.

Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани ҳудудининг “Қорасув” ЙПХ маскани назоратидан ўтаётган пайтда сири фош бўлди.  Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан  қўлга олинди.

Дастлабки тергов даврида ўтказилган тадбир давомида дала майдонидаги симёғоч остида яна 2817,0 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси   борлиги аниқланди.

Суд судланувчининг  айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар билан бир қаторда жиноятни ғаразли  ва бошқача паст ниятларда  содир этганлиги, илгари ҳам қасддан амалга оширган қилмишини инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар  суди томонидан  А.Мелиев  хавфли рецидивист  деб топилиб, 12 йил озодликдан маҳрум этилди.