Парламентлараро амалий мулоқотлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига ҳамда Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековнинг мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи, шунингдек, кейинги икки йил давомида турли доирадаги ўзаро учрашувларнинг фаоллашгани икки томонлама алоқалар ривожида янги саҳифа очди. Зеро, азалдан дўст ва қардош икки халқнинг мустаҳкам дўстлиги иқтисодий-сиёсий муносабатларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги бугунги кунда турли йўналишларда жадал тараққий этмоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро ишончли ва самимий алоқалар тобора кенгайиб бораётгани янада қувонарлидир.

Шу йилнинг 29 май куни Фарғона вилоят ҳокимлиги-қабуллар уйида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Юзма-юз мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия ҳамраиси  Содиқ Сафоев, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Тўроғаси  ўринбосари, ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия ҳамраиси Асель Кодуранова мамлакатларимиз Парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мунтазам сиёсий мулоқот олиб бориш, шу орқали барча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, дўстона ва самимий руҳда кечган учрашувда парламентлараро ўзаро муносабатлар, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда, — дейди Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Тўроғаси  ўринбосари, ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия ҳамраиси Асель Кодуранова. — Албатта, бу саъй-ҳаракатлар Парламентлараро муносабатларда ҳам яққол акс этаётгани диққатга сазовордир. Парламентлараро комиссиясининг биринчи мажлиси ҳам юқори савияда ташкил этилгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиянинг Регламенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши девонининг илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

– Айни кунларда қўшни давлатлар билан парламентлараро мулоқотларнинг йўлга қўйилиши ўзининг амалий самараларини бермоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Ҳатамжон Кетмонов. – Бугунги учрашувда ҳам ҳар икки мамлакат қонун ижодкорлари келгусидаги ривожланиш истиқболларини ҳар томонлама муҳокама қилдилар. Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, яқин қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик йўналишларида парламент назоратини кучайтириш ва ҳар икки комиссиянинг юқори Кенгашлардаги тегишли қўмиталарида мониторинг олиб бориш, шу орқали мавжуд масалаларга ечим топиш тўғрисида муҳим фикрлар ўртага ташланди.

Мажлисда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалаларини муҳокама этиш учун парламентлараро комиссия имкониятларидан фойдаланиш тўғрисида фикр алмашилди.

Тадбир якунида комиссиянинг иккинчи мажлисини Ўш шаҳрида ўтказиш бўйича келишиб олинди.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.