Фарғона экспорти – ривожланиш палласида

Президентимиз томонидан экспорт қилиш тартиб-тамойилларини соддалаштириш, экспортёр корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар бериш борасида қабул қилинган 1 та фармон, 4 та қарор  экспортга маҳсулот чиқариш, шунингдек, унинг географиясини кенгайтиришга кенг йўл очиб бермоқда.

Вилоятимизда белгиланган ҳудудий экспорт прогноз кўрсаткичларини бажариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмларини ошириш бўйича тизимли чоралар кўриляпти.

Шунингдек, Фарғонада экспорт ҳажмини кўпайтириш, экспортни ташкил этиш ва амалга ошириш ҳамда импорт ҳажмини қисқартириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бу борадаги ишларни доимий мониторинг қилиш, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Фарғона вилоят ҳокими ва вилоят прокурорининг қўшма фармойиши қабул қилинди.

Унинг асосида вилоят ва туман (шаҳар)ларда экспорт ҳажмини кўпайтириш ва бу борадаги ишларни мониторинг қилиш ишчи гуруҳлари ҳамда мувофиқлаштирувчи гуруҳ шакллантирилиб, уларга аниқ вазифалар юклатилди.

– Вилоятимизда 221 (саноат 163, мева-сабзавот 58) нафар экспортёрнинг ҳар бири учун ҳамда қўшимча аниқланган 28 нафар тадбиркорни (7,1 млн.долларлик маҳсулот) экспорт фаолиятига жалб этиш учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди, – дейди вилоят ҳокимлигининг бош мутахассиси Ҳусанбой Холдоров. – Унда 2018 йилга белгиланган экспорт прогнози ижросини таъминлаш, бу борадаги салоҳиятни ошириш ва экспортёр фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган масалалар белгиланган. Маҳсулотларни ойма-ой экспортга ортиш жадвали тасдиқланиб, бириктирилган масъул ходимлар томонидан ижроси таъминланиши назоратга олинди. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда вилоятимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича республикада етакчи ўринни эгаллаб тургани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.

Вилоятда 2018 йил учун ҳудудий тасарруфдаги хўжалик субъектларига жами 189,0 млн.долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, шундан 38,0 млн. доллари саноат ва 151,0 млн. доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади.

Хусусан, жорий йилнинг шу кунига қадар 49,9 млн. долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, 5 ойлик учун белгиланган прогноз 116,1 фоизга бажарилди. Шундан экспортда саноат маҳсулотлари улуши 14,7 млн. доллар, мева-сабзавот маҳсулотлар 35,2 млн. долларни ташкил этди. Натижада ўтган йилнинг 5 ойлигига нисбатан ҳудудий экспорт 1,5 мартага ўсди.