Электрон савдо майдончасида ер участкалари

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ республикада давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг устуворлигини янада кучайтириш, бизнес ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган  комплекс  институционал ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ерлардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни мақбул жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ер участкаларини беришдаги ҳуқуқбузарликлар ёки уларни асоссиз олиб қўйиш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ер участкаларини беришнинг танлов тартиби лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Ваколатли органлар фаолиятида ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш таъминланмаяпти, бу эса рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларининг чўзилишига ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлмоқда.

Кўпчилик аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари комплекс қуриш талабларига риоя этилмаслигига ва аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси ёмонлашувига олиб келмоқда.

Ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрель куни

“Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Вилоятимизда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмини тубдан такомиллаштириш, шунингдек тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПҚ-3677-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, вилоят ҳокимининг 2018 йил 25 апрелдаги 207-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан бўш турган ер майдонларини ҳатловдан ўтказиш, ер участкаси чегарасини топографик ва қишлоқ хўжалиги хариталарида координата нуқталарини акс эттирилган ҳолда тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш имконияти мавжуд ер участкалари рўйхатини шакллантиришни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳи, бўш турган ер майдонларида ўтказилган хатлов натижаларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш бўйича вилоят Штаби ташкил этилиши белгиланди.

Бугунги кунда бошқармада ташкил этилган вилоят Штабида 2018 йил 22 май ҳолатига туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тақдим этилган 70 та бўш турган, самарасиз фойдаланиб келинаётган жами 78,56 гектар ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар жамланди, ер участкалари чегараларини координата нуқталари билан боғлаш ишлари амалга оширилмоқда.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш имконияти мавжуд бўш ер участкалари рўйхати тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитасининг веб сайтида жойлаштирилади ва ҳар ойнинг 1 санасида маълумотлар янгиланиб борилади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган юридик ва жисмоний шахслар 2018 йил 1 июлдан бошлаб «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали ер участкаларини доимий фойдаланиш учун сотиб олишлари мумкин бўлади.

Аҳрор ТОШМАТОВ,

вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси

“Ахборот таҳлил” бўлими мутахассиси.