Ноқонуний меҳнат миграцияси оқибатлари

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси юқиши оқибатида келиб чиқадиган ОИВ инфекцияси аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмининг зарарланиши, бундай беморларни даволаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга кетадиган сарф-ҳаражатнинг ортишига сабаб бўлади. Шунингдек мамлакатнинг демографик ҳолатига ва иқтисодий тараққиётига  жиддий хавф туғдиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш соҳасидаги ташкилий ишларга салмоқли ўзгартиришлар киритувчи муҳим сиёсий ва иқтисодий ҳужжатлар тасдиқланди. Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасида Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик  тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисидаги”ги Қарори ва 2018 йил чора-тадбирлар дастури талаблари асосида ташкил этилмоқда.

Ушбу Қарор ва Дастурнинг ижросига қаратилган Фарғона вилояти ҳокимининг 2018 йил 31 январдаги  қарори қабул қилиниши вилоятимизда ОИТСга қарши курашиш тадбирларини янада такомиллаштириш имкониятини яратди.

Қарорлар нафақат тиббиёт ходимлари, балки жамиятимизнинг бошқа соҳа вакиллари зиммасига масъулиятли вазифаларни юклайди ва Республикамиз аҳолиси, ҳусусан ёш авлод саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни талаб этади.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизими томонидан амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ОИВ инфекциясининг донорлар қони орқали юқиши ҳолатлари олди олинди. Инфекцияли ҳомиладор аёллар ва улардан туғилган болаларни антиретровирусли дори воситалари билан махсус даволаш ишлари ўтказилмоқда. Натижада, инфекция мавжуд бўлган ҳомиладор аёллардан 99,8 фоиз ҳолатда соғлом болалар дунёга келмоқда.

Лекин, барча давлатлар қатори бизнинг мамлакатимизда ҳам миграция жараёнининг ушбу касаллик тарқалишида аҳамияти сезиларлидир. Маълумки, инфекция эпидемияси миграция жараёнига, миграция жараёни эса ўз навбатида унинг эпидемиясига таъсир этади ва мигрантларнинг хасталикни юқтириб олишига шароит туғдиради. Норасмий равишда хорижда ишлаш жинсий йўл билан юқадиган касалликларни орттириб олиш эҳтимолини кучайтиради. Негаки, ўзга юртларда улар ушбу касалликлар ва улардан ҳимояланиш йўллари билан батафсил танишиш имкониятига эга бўлмайди.  Мигрантлар борган жойларида маданият, урф-одат ва миллий қадриятларда тафовутлар мавжудлиги, дискриминация (камситилиш)нинг муқаррарлиги, ноқулай яшаш шароити, ОИВ ва бошқа касалликларни олдини олиш бўйича маълумот, ҳимоя воситалари, хавфсиз тиббий хизматдан фойдалана олмаслиги, тил билмаслик туфайли эркин муносабатларни йўлга қўйиш чекланганлиги, оиласидан йироқлиги бу борада муҳим омиллар сирасига киради. Айнан инфекция аниқланаётган шахсларнинг  аксар қисмида (60 фоизигача) касалликнинг келиб чиқиши бевосита миграция билан боғлиқдир.

Жараён ўз навбатида оила саломатлиги ва соғлом фарзанд кўриш мезонларини издан чиқаради. Юқумли касаллик аниқланган аёллар 30 фоизининг турмуш ўртоғи хорижда ишлаб келганларни ташкил этади.

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси томонидан “Чет давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича Тартиб” тасдиқланган. Бу Тартибга асосан ССВ, Республика Хотин-қизлар Қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини  мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси  ишлаб чиқилган ва меҳнат мигрантлари, уларнинг оила аъзолари ўртасида инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар тизимли олиб борилмоқда.

Тадбирлар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, вазиятга масъулият билан ёндошишимизни талаб этмоқда. Маҳаллаларда профилактика инспекторлари, ИИБ ходимлари тиббиётнинг бирламчи бўғини билан узвий боғлиқликда узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган фуқароларни ўз вақтида тиббий кўрикка жалб қилишлари зарур.  Бу  орқали нафақат  мигрантлар балки, уларнинг оила аъзолари ва атрофидаги инсонлар саломатлиги ҳимоя қилинган бўлади.

Фуқароларимиз маблағ топиш дардида  хорижга бориб, яшаш манзили, турмуш тарзи ва ҳатто касби-корини ўзгартириб, турли юмушлар билан машғул бўладилар.  Аксарияти билиб-билмай турли нопок йўлларга қадам қўйишади. Ҳар кимки, мусофир бўлмоқ пешонасида бор экан, ой бориб, оила деб аталмиш муқаддас қўрғонига омон қайтсин! Борган жойларидан ул ёки бул иллатларни ўзлари билан етаклаб келмасин, нопок кимсаларнинг турли алдовларига учиб жаҳолат қурбонига айланмасин!

 

Э.АБДУМУТАЛОВА,

вилоят ОИТСга қарши курашиш

маркази бош шифокори.