Ёш авлоднинг маънавий-маърифий камолоти

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан Риштон туманида барча туман-шаҳарлардаги мактабгача таълим муассасалари мудирлари, тарбиячи ва методистлари иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Семинарнинг очилиш маросимида сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Мамадалиева, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бўлим мудири Улуғбек Қамбаров, туман мактабгача таълим бўлими мудири Муножатхон Хусановалар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида мактабгача таълим тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳани малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг  ёш авлод маънавий-маърифий камолотидаги аҳамияти юксак эканлигини таъкидлашди.

Дастлаб тумандаги 30-давлат мактабгача таълим муассасасида бошқарманинг шўъба йиғилиши ўтказилди. Унда туман-шаҳар мактабгача таълим бўлимларининг ўтган давр ичидаги фаолияти, шунингдек, муассасалар мудирларининг меҳнат самарадорлиги сарҳисоб қилинди. Шундан сўнг мазкур мактабгача таълим муассасасида “Мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия жараёнини режалаштиришнинг технологик харитаси” мавзусида семинар машғулотлари ташкил этилиб, муассасадаги таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишилди. Услубчи Мавлуда Маҳкамова, тарбиячилар Саодат Исмоилова, Лола Абдуқодирова, Зулфия Фориқовалар ўзларининг педагогик тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

26-давлат мактабгача таълим муассасасида мактабга тайёрлов ва ўрта гуруҳларида намунавий машғулотлар ўтказилди. “Тарбиячилар касбий маҳоратини оширишнинг замонавий методлари” мавзусидаги очиқ ўқув соатлари иштирокчиларнинг билим ва малакасининг ошишига хизмат қилди.

8 та гуруҳларда тарбияланаётган 220 нафар болажонларни мактаб таълимига пухта тайёрлашга астойдил интиляпмиз, -дейди муассаса мудираси Гулчеҳрахон Назирова. — Тарбияланувчиларнинг китобга, санъатга, чет тилларини ўрганишга, ҳунарга бўлган иштиёқларини шакллантириш, иқтидорларини тўғри йўналтиришда Гулчеҳрахон Ярматова, Қизлархон Солижонова, Муяссархон Аҳмедова, Дилбар Шафиева сингари малакали педагог кадрларимиз фаоллик кўрсатишмоқда.

Болажонлар томонидан тақдим қилинган мусиқий дастур иштирокчилар қалбига беғубор болалик ёлқинларини улашди.

Семинар дастури доирасида қатнашчилар ҳудуддаги 1-давлат мактабгача таълим муассасасига ҳам ташриф буюрдилар. Мазкур муассасада тизимда фаолият кўрсатувчи мусиқа тарбиячилари учун очиқ машғулотлар ташкил этилди. Шунингдек, бу ерда тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, олиб борилаётган таълим-тарбия жараёни, болаларни соғломлаштириш машғулотлари, тўгараклар фаолияти ва унинг самарадорлиги ўрганилди.

Семинар-тренинг хулосаларига бағишланган йиғилишда амалий машғулотлар сифати баҳоланиб, аниқланган ютуқлар тилга олинди, камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Шамсиддин ҚОРАБОЕВ олган сурат.