Оила тинчлиги – юрт фаровонлиги

“Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти мажлислар залида Фарғона шаҳар ҳокимлиги, қатор ҳамкор нодавлат нотижорат ташкилотлари ва отинойилар иштирокида “Оила тинчлиги – юрт фаровонлиги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида ўзаро аҳиллик, ишонч, меҳнатсеварлик, маърифат улуғланган соғлом оилалар чинакам бахт-саодат макони эканлиги таъкидланди. Жамиятнинг асосий таянчи ҳисобланган оиланинг мустаҳкам бўлиши ҳар жиҳатдан маҳалла жонкуярларига, отинойиларига боғлиқ. Отинойиларнинг психологик ва ҳуқуқий билимга эга бўлишлари  оилалардаги муросасизлик, ажрим,  нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Вилоят бош имом ҳатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ҳилолахон Комилова тўйларни ихамлаштириш, маърака-маросимларни тартибга солиш, бузилиш арафасидаги оилаларни яраштиришда отиноийларнинг ўрни катта эканлигига алоҳида урғу берди.

Шундан сўнг отинойилар учун  “Соғлом оила  – соғлом авлод – соғлом келажак” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

Отинойилар гуруҳларда ишлаган ҳолда тренингда фаол иштирок этдилар.

– Давра суҳбати, ўқув семинардан олинган билим ва тажриба уларга маҳаллалардаги маросимларда, рамазон кунлари ифторликларида асқотади. Оиланинг муқаддаслигини айниқса, ёшларга тушунтириш, ажримлар, тирик етимлар кўпайишининг олдини олишда отиноийларнинг ибратли  суҳбатлари катта аҳамиятга эга, – дейди Фарғона шаҳар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари Мавжуда Хурсанова.

Отинойилар маросим ва тадбирларда хонадонлар иқлимини обдон ўрганишлари, фаровонликка, тўкинликка эришаётган оилаларни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатишлари, меҳнат чиндан ҳам тотувлик, ҳамжиҳатликни таъминлашини уқтиришлари лозим. Юртимиз фаровонлиги оилалар тинчлиги билан боғлиқ экан, хонадонлар осойишталигига ҳар биримиз қўлимиздан келганча ҳисса қўшишимизга тўғри келади.