Фуқароларнинг пенсия таъминоти

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширалаётган ишлардан аҳоли мамнун бўлмоқда.

Молия вазирлиги хузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Фарғона шаҳар бўлими томонидан жами 33464 нафар пенсия ва нафақа олувчиларга хизмат кўрсатилади. Шулардан 27356 нафари ёшга доир пенсия олувчилар бўлса, 5084 нафари ногиронлик, 1024 нафари эса боқувчисини йўқотганлик тоифалари бўйича нафақа билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тизимни тубдан такомиллаштириш, пенсионерлар, аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини сўзсиз таъминлашга алоҳида этибор қаратилди. Бугунги кунда пенсия ва нафақалар ҳар ойнинг 1-санасидан 27-санасигача узлуксиз етказиб берилаётганлиги, тўловлар пенсия олувчиларнинг хоҳишига кўра, нақд пул ва пластик  картага ўтказиш орқали ўз вақтида амалга оширилаётганлиги бунинг исботидир. Қолаверса, республикамиз бўйлаб “SMS-Pensiya” интерактив хизматининг  бепул қўйга қўйилиши ҳам айни муддао бўлди. Эндиликда фуқароларга давр учун пенсия миқдори, тўлов шакли, муддати, шунингдек, Президент фармонларига асосан пенсия, нафақалар миқдорининг ошганлиги, тўланганлик ёки тўланмаганлиги, тайинланганлик, тўловини тўхтатилганлик, чегирма белгиланлиги кабилар тўғрисида маълумотлар электрон тарзда етказиб берилмоқда.

Пенсия жамғармаси шаҳар бўлими томонидан ота-оналарга бола туғилганда бериладиган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридаги бир марталик суюнчи нафақаси ҳамда фуқаролар вафот этган тақдирда энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги дафн этиш нафақаларининг тўлаб берилиши ҳам фуқароларнинг ижтимоий таъминотида алоҳида ўрин тутаётир.

Амалдаги қонунларимизга кўра, камида 7 йил иш стажи билан аёллар 55 ёшдан, эркаклар 60 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқишлари белгиланган. Мазкур жараёнда пенсия тайинлаш ходимнинг охирги 10 йил ичидаги 5 йиллик иш ҳақини 60 га бўлиш орқали чиқарилган ўртача иш ҳақига қараб тайинланади. Бунда аниқланган ўртача иш ҳақининг 55 фоизи фуқаро пенсиясининг таянч миқдори сифатида белгиланади. Аёллар учун иш стажининг 20 йилидан, эркаклар учун 25 йилдан ошган ҳар бир йил  учун 1 фоиздан устама ҳақ қўшиб, ҳисобланади. Бу борада пенсия ва нафақалар тайинлаш гуруҳининг Рауфжон Солиев, Ойгул Рустамова, Алишер Ҳусанов, Шукрулло Орипов сингари малакали мутахассислари пенсионерларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида меҳнат қилишмоқда. Пенсия жамғармаси бўлимларида пенсия талабномаларининг электрон  тизим орқали қабул қилинаётгани соҳанинг информацион  имкониятлари янада кенгаяётганини кўрсатади.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимидаги ислоҳотлар ўзининг қонунийлиги билан бир қаторда, инсонпарварлик, меҳр-мурувват тамойилларига асосланганлиги, пенсия ва нафақа тайинлаш билан боғлиқ ишларнинг давлат ҳимоясида эканлиги билан аҳамиятлидир.

 

Жамшидбек НАЖМИДДИНОВ,

Бюджетдан ташқари

 Пенсия жамғармаси Фарғона шаҳар

 бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш

 гуруҳи раҳбари.