Халқимиз розилиги – ишимиз самараси

Жамиятда адолат муҳитини қарор топтириш учун турли бўғиндаги раҳбарлар, аввало, халқ билан мулоқот қилиши, одамларнинг қалбига йўл топиши, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини билиши лозим. Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу тамойил юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ўз самарасини бермоқда.

Вилоят  Тадбиркорлар  марказида жисмоний ва юридик шахслар иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда вилоятимиз шаҳар-туманларидан ташриф буюрган фуқаролар ўзларининг турли мурожаатлари билан вилоят ҳокими ҳамда сектор раҳбарларига юзландилар.

Юртдошларимиз билан яқиндан мулоқот олиб борган секторлар раҳбарлари – вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, вилоят прокурори Садриддин Турдиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳматжон Маматов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳамиджон Хабибидинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги халқ қабулхонаси мудири Робахон Маҳмудовалар билдирилган талаб ва таклифлар, ариза ва шикоятларни диққат билан тингладилар. Мавжуд муаммоларнинг аксарияти дахлдор идоралар вакиллари, туман, шаҳар ҳокимлари иштирокида ҳал этилди.

Сайёр қабулда қайд этилган мурожаатларнинг кўпчилиги уй-жой, кадастр хужжатларини расмийлаштириш, судларда жиноят ишининг кўрилиши, фуқаролик ишлари бўйича муаммолар, бандликни таъминлаш, тиббиёт, мол-мулк, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа масалалар билан боғлиқ бўлди. Уларнинг қонуний ечимлари ҳақида тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Жонли мулоқотларда тадбиркор ва фермерлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар бир қатор таклиф ва ташаббусларни билдириб, кўплаб саволларига юқори орган раҳбарларидан жавоб олдилар.

Мен косметология бўйича мутахассисман. Туманимизда бу йўналишдаги тадбиркорлар деярли йўқ. Фаолиятимга қўшимча равишда аёллар сартарошлигини йўлга қўймоқчиман. Лекин менга туман марказидан жой ажратилиши муаммо бўлаётган эди. Бу муаммо вилоят ҳокими кўмаги билан ҳал этилди. Жуда миннатдорман, қўшимча 5 та бўш иш ўрни яратиб, аёллар бандлигини таъминлашни мақсад қилиб қўйдим, – дейди Учкўприк туманида яшовчи Шаҳнозахон Асқарова.

Қабулга келишимдан муддао битта. Яъни ўзимга муносиб иш излаб келган эдим, – дейди Қувасой шаҳридан келган Раҳбарой Ибрагимова. – Шаҳримиздаги 12-мактабгача таълим муассасасига ишга қабул қилиндим. Ҳозир ҳужжатлар расмийлаштириляпти. Сектор раҳбарларига ҳам, бандликни таъминлаш бўйича мутахасссисларга ҳам ўз ташаккуримни билдираман.

Инсон қаердаки қадр топса, ўша ерда азиз бўлади. Сайёр қабул иштирокчиларининг турли шикоят ва таклифлари, орзу-истаклари ҳуқуқий органлар ва мутахассислар томонидан ўрганилаётганидан фуқаролар мамнун. Бу чора-тадбирларнинг барчаси халқимиз ҳаётининг янада фаровон ва тўкин бўлишида катта аҳамиятга эгадир.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган суратлар.