Олтиариқнинг замонавий янги қиёфаси

Бугун Олтиариқ туманининг энг катта ҳудудлари – Полосон, Қапчуғай ҳамда Тинчлик МФЙ аҳли улкан бунёдкорлик, яратувчанликнинг куч-қудратидан ҳайрат ва ҳаяжонга тушмоқда.

Боиси ўтган қисқа муддат ичида маҳаллалардаги пастқам, кўримсиз иморатлар, тор ва диққинафас йўлаклар, йўллар муҳташам кўринишга эга бўлмоқда. Халқимизнинг эзгу фазилатлари сирасига кирувчи ҳашарда нафақат олтиариқлик, балки вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларидан келган ҳашарчилар фаол иштирок этмоқдалар.

Муҳтарам Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан бошланган изчил саъй-ҳаракатлар туманда кенг қулоч ёзди. Олтиариқликларнинг тилидаю дилида бугунги дориломон кунлар шукронаси. Биргина 12-13 май кунги ҳашарларда вилоятимиз шаҳар-туманларидан ташриф буюрган 3 минг нафардан зиёд турли соҳа мутахассислари фидойилик кўрсатишди.

Айни пайтда учта маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8502 та оилада қарийб 30 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Тинчлик ва Қапчуғай МФЙда эса 43 та кўп қаватли уйлар бор. Қапчуғайдан бошланган кенг қамровли ободонлаштириш ишлари доирасида 38 та таъмирга муҳтоҳ хонадонлар ҳамда 20 та кўп қаватли уйларда 530 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янгитдан ичимлик суви тармоқлари тортилиб, 1 та сув минораси таъмирланди ва 1 та янги сув насоси ўрнатилди. Пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, уйларнинг кириш йўлакларига асфальт ётқизиш, 7 та замонавий автобус бекатлари қуриш, йўл четига махсус тўсиқлар ўрнатиш, сув устидан ўтган кўприклар ҳимоя тўсиқларини янгилаш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.

Қапчуғайда давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида 200 ўринли мактабгача таълим муассасаси бунёд этиляпти. Миллий менталитимизга монанд равишда қурилган тандирхоналар, санитария-гигиена тармоқлари ҳудуд аҳлини ҳаётга муносабатини ўзгартирди. Дастур ижросига қадар томидан чакки ўтадиган уйлар, ноқонуний, қўлбола тикланган қўшимча иморатлар, ичимлик суви сингари муаммолар мазкур кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг ночор турмуш тарзидан далолат берар эди.

Эзгу ташаббуслар бошлангандан буён ўтган вақт мобайнида  Полосонда 42 та, Тинчлик МФЙда 14 та аҳоли хонадонлари ҳамда 21 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларига 650 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди, – дейди Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов. – Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 117,4 миллион сўм маблағ эвазига ёғоч таянчлар бетон таянчларга алмаштирилди. Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Олтиариқ туманлараро участкаси томонидан юқори ва ўрта босимли газ қувурлари, ундаги қурилмалар ва жиҳозлар таъмирланди. Оқава сув тармоқлари тозаланди ва янгитдан ётқизилди. Янгитдан ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ички йўлларга шағал ётқизиш, асфальтлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳозирги кунда туну кун иш ташкил этилиб, белгиланган вазифалар ижроси тез ва сифатли бажарилишига эришиляпти. Эътиборлиси, ҳеч ким мазкур жараёндан четда тургани йўқ. Озода ва ораста, ёруғ кўчалар, таълим муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, аҳоли хонадонларидаги янгиланиш, ўзгаришлар кимни ҳам қувонтирмайди дейсиз!

Биз эл чорлаганда хизматда сидқидилдан камарбаста бўлиш учун “лаббай!” дейдиган олижаноб халқнинг фарзандларимиз,-дея суҳбатимизни давом эттиради Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти бўлими раҳбари Аҳаджон Акбаров. – Олтиариқдаги қурилиш-бунёдкорлик ишларида туман ёшлари қаторида вилоятимизнинг 500 нафар уюшмаган ёшлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Вилоят ёшлари юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатаётганликларидан ҳақли равишда фахрланадилар.

Ҳаётда ақлни шошириб қўядиган шундай янгиланиш ва ўзгаришлар бўладики, бу тарихий жараёнлар – улкан бунёдкорлик даври сифатида эътироф этилади. Бугун олти ариқдан сув ичадиган Қапчуғай, Полосон ва Тинчлик маҳалласи ана шундай тарихий жараённинг бевосита гувоҳи бўлмоқда.

Маҳаллаларда ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётган йўлсозлар, ободонлаштириш, коммунал соҳа вакиллари, нуронийлар, ёшлар, барча-барчани битта муштарак  мақсад, у ҳам бўлса – жондан азиз шу она-Ватанни янада обод, фаровон этиш истаги бирлаштирган десак, асло муболаға бўлмайди.

 

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.