Аждодлар меросини ўрганишнинг юксак имкони

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда тинчлик-осойишталикни, динимиз мусаффолигини таъминлаш билан бирга халқимизнинг диний-маърифий соҳадаги билимларин мустаҳкамлайди, алломаларимизнинг бой илмий меросларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратади.

Бугунги кунда дунё аҳли ислом динининг маърифий моҳиятини англаб етмоқда.  Биргина ҳадиси шарифда келтирилган  “Илм-ибодатдан афзалдир” деган пурмаъно шиор бутун инсониятни маънавий етук,  бунёдкор, ўзаро меҳр-мурувват, саховат, инсоф-адолат ва бағрикенг бўлишга чорловчи дин эканлигини тасдиқлайди. Инсонларни мудом илм-маърифат зиёсини тарқатиб, ҳар қандай ёвузликни эзгулик билан енгиб   яшашга чақиради.

Фармонда белгиланган “жаҳолатга қарши маърифат” деган улуғвор ғояни амалга оширишда  ислом динининг ана шу буюк тамойили “Илм-ибодатдан афзалдир” деган тушунча ўзаро уйғунлик касб этади.

Маълумки айрим мамлакатларда ислом дини ниқоби остидаги носоғлом кучлар ўзларининг ғараз мақсадларини қондиришда ислом динидан фойдаланишга уринмоқдалар.  Ислом динининг асл моҳиятидан бехабар кишиларга исломни тажовузкор, шафқатсиз дин деб кўрсатмоқдалар. Сохта жиҳодчилик ва шаҳидликни тарғиб қилиб, ана шу усул билан бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиб, шаҳарларни вайрон қилмоқдалар. Бундай оқимларнинг вайронкор ғоялари асл ислом дини табиатига хос эмаслигини юртимиздан етишиб чиққан алломалардан бири  Имом Мотуридий ўз асарларида ёзиб шарҳлаб берган.  Фармонда белгилаб қўйилган вазифалар ана шундай асарларни ўзбек тилига таржима қилиб халқимизда етказишда муҳим дастуриаламал бўлади.

Асрлардан-асрларга малолсиз узатилиб келинаётган ҳадислар миллий қадриятларимизнинг ўзанларидан бирини ташкил этади. “Ватанни севмоқ иймондандир”, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир”, “Жаннат оналар оёғи остидадир” , “Ҳеч  бир ота-она фарзандига одобдан гўзалроқ мерос қолдирмайди”, “Ҳар бир яхшилик садақадир”, Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир” каби ҳадислар ота-боболаримизнинг муборак ўгитларидан муносиб жой олган. Мумтоз адабиётимиз намоёндалари ҳадисларга оид шеърий асарлар яратиб қолдирганлар.

IХ асрда Ватанимиз ҳудудидан кўплаб муҳаддислар етишиб чиққан. Улар орасида “Муҳаддислар султони” дея шарафланган ватандошимиз Имом Бухорий асарлари неча асрлардан буён севиб ўқилади.  Бухорий ёшлик йиллариданоқ Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга иштиёқи кучли бўлган. Манбаларда келтирилишча, устозларининг сони тўқсонта атрофида бўлган. Ўз навбатида Бухорий ҳам кўпгина шогирдларига устозлик қилган. Унинг “Ал –жомъи ас-саҳиҳ” асари ислом дини таълимотларига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати шундаки Бухорий фақат муҳаддис олимгина бўлиб қолмай, кенг қамровли мутафаккир аллома ҳам бўлган. Унинг “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Адаб дурдоналари”) китоби тарбиявий аҳамияти билан жуда қадрлидир. Унда мусулмоннинг бутун бир инсоний фазилатлари, аҳлоқий сифатларидан тортиб, ижтимоий одобларигача ҳадислар орқали баён қилинади. “Адаб дурдоналари” Туркия ва Мисрда бир неча марта чоп этилган. 1322 ҳадис ва хабар жамланган асарнинг ўзбекча таржимаси 2006 йили Тошкентда “Мовароуннаҳр”  нашриётида  чоп қилинган.

Фармонга биноан  янги ташкил этиладиган Ҳадис илми мактаби ушбу илм ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ҳадислардаги умуминсоний ғояларни халқимиз, айниқса ёшларга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  Шу билан бирга “Имом Бухорий” давлат мукофотини таъсис этилиши ҳам буюк зотга эҳтиром ифодаси бўлиш билан бирга олимлар орасидан  у зотнинг ҳақиқий ворисларини танлаб олиш, ёшларни Бухорийга муносиб издошлар бўлиб камолга етишишлари учун имкон эшикларини очади.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни айтиш жойиздир.  Юртимиздан етишиб чиққан алломалар нафақат дунёвий илмларнинг ривожланишида, балки мусаффо эътиқод ва исломшунослик соҳасида минг йиллар мобайнида дунё мусулмонларига устозлик қилиб келганлар. Бу ҳақда буюк исломшунослар “Ислом дини Арабистонда шаклланган бўлса, Мовароуннаҳрда камолга етган” дея эътироф этишади. Ҳадис илмида пешқадам муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, калом илми ва соф эътиқод илмида Имом Мотуридий, Абул Муъин Насафий, Абу Лайс Самарқандий, фиқҳ илмида Бурҳониддин Марғиноний, тасаввуф илмида Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳдуми Аъзам, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, араб тили грамматикаси илк қоидаларини яратган “Жоруллоҳ” яъни “Оллоҳнинг қўшниси” лақабини олган Замахшарийдек табаррук зотларга ватандош бўлганимиздан минг бор фахрлансак, шукроналар айтсак арзийди.

Не бахтки, Президентимиз томонидан диний ислоҳотларни амалга ошириш борасида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, юртимиз бўйлаб Қуръон мусобақаларининг ўтказилиши, Бухородаги Мир Араб мадрасасига олий мадраса мақомининг берилиши, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш борасидаги олийжаноб эзгу ишлар замирида ҳам бугунги Ўзбекистонимизни диний-маърифий соҳада бутун дунёга ибрат бўладиган ютуқларни қўлга киритишдек оламшумул мақсадлар мужассам этган.