Давр даъвати: муаммоларнинг ечими муҳим

Фарғона туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида Президентимиз томонидан тасдиқланган  “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни самарали ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ва бу борадаги энг муҳим вазифаларга бағишланган  йиғилиш ўтказилди.

Унда тўртта сектор вакиллари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар-туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари ва ходимлари, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари, халқ қабулхонаси мудирлари ва бошқалар иштирок этди.

Йиғилишни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев кириш сўзи билан очди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойберганов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Лекин олис қишлоқларда истиқомат қилаётган оддий одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмади. Бундай ҳолат ўша ҳудудлар аҳолиси эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундай муносабатга чек қўйилиб, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ ва мақсадли тизим яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йилда ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб вилоятимиздаги 15 та туманда ҳам дастурга киритилган қишлоқлар аниқланиб, уларнинг йўл харитаси, лойиҳа ва смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Йиғилишда қайд этиб ўтилганидек, аксарият қишлоқларда кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ва эътиборсиз қолиши натижасида ночор аҳволга келиб қолган. Айрим ҳудудлар ҳокимлари бу масалага иккинчи даражали иш сифатида қараётгани кўзга ташланмоқда. Мисол сифатида тилга олинган Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги уй-жойлар ва инфратузилма объектлари хароб аҳволга келиб қолган Манас қишлоғида ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада атиги 1,5 ойда ушбу қишлоқ мутлақо замонавий қиёфа касб этди. Энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, уларда эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди. Йиғилиш иштирокчилари Андижон вилоятида дастур бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам гувоҳ бўлдилар.

Давлат маслаҳатчиси кўп хонадонли уй-жойларнинг умумфойдаланиш қисмларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш, атроф ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни ишлаб чиқиб, ишни шу асосда ташкил этиш, барча ҳудудлардаги қурилишларга арзон ва сифатли материалларни ўз вақтида етказиб бериш, бу борада барча ресурс ва маблағларни ишга солиш, ишсизликка барҳам бериш юзасидан вазифаларни тўлақонли бажариш зарурлигини уқтириб ўтди. Айниқса, вилоят ва туман марказидан олис масофада жойлашган қишлоқларга кўпроқ эътибор қаратиш, шу каби ҳудудлар аҳолиси билан яқиндан мулоқотда бўлиш алоҳида қайд этилди. “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясига амалий ишларни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш борасидаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддилар билан савол-жавоблар ўтказилди. Истиқболдаги вазифалар белгиланди.

 Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ олган сурат.