Йўл ҳаракатида маъмурий жавобгарлик

Фарғона шаҳар таянч тиббиёт коллежида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш асосларининг вужудга келиши ва ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда коллеж ўқувчилари ва уюшмаган ёшлар, Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирок этди.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликларни содир этишнинг ҳуқуқий оқибатлари, олдини олиш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, чоралар, профилактика тадбирларини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга оид ва аҳолининг саволлари бўйича тушунчалар берилди.

Фарғона шаҳар маъмурий суди раиси Солижон Қурбонов йўл ҳаракатида қайд этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва уларга қўлланилаётган чора-тадбирларни атрофлича мисоллар билан изоҳлаб берди. Жумладан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131- моддаси 1-2 қисми яъни маст ҳолатда автоулов бошқариш бўйича вилоятда ўтган 4 ой давомида 168 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳолат Фарғона шаҳрида 50 тани ташкил этди.

Суд раиси ўз нутқида ҳайдовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида ҳам батафсил тўхталди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари, транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкларнинг шикастлаши ва бу жараёнларнинг қонуний ҳал этилиши бўйича кенг тушунчалар берди.