Ўзбекнинг ўз шоири, доно носири

ХХ асрнинг забардаст шоирларидан бири Ғофур Ғулом ўзининг серқирра ижоди, ўзбек адабиёти мулкига айланган шеърий ва насрий асарлари билан адабиётсевар халқимиз қалбида яшаб келаётир.

Зотан, туғма тафаккур соҳиби, улуғ заковат эгаси бўлган шоирнинг жўшқин ва доно шеърияти, миллийлик ва халқчиллик руҳи билан суғорилган  насрий асарлари аср оша ўз ўқувчисини йўқотмай келаётгани бунинг исботидир.

Шоирнинг “Вақт”, “Соғиниш”, “Турксиб йўлларида”, “Сен етим эмассан”, “Йигитларга” сингари ҳаётбахш шеърлари, “Ҳасан Кайфий”, “Менинг ўғригина болам”, “Афанди ўлмайдиган бўлди”, “Шум бола”, “Нетай”, “Ёдгор”, “Тирилган мурда” каби ҳикоя, қиссаларида эрк ва мустақилликка ташна қалбнинг ўз халқи, миллатига бўлган меҳри, унинг эртанги ёруғ иқболига бўлган умиди бўй кўрсатиб туради. Ғофур Ғулом ўз сафдошлари қаторида ғоят мураккаб ва тахликали замонда яшаб ўтганига қарамай, “Мен ўзбек шоириман”, “Ўз халқимнинг тилиман” дея баралла айта олди.

Аҳмад Фарғоний номидаги Ахборот-кутубхона марказида ўзбекнинг ўз шоири, доно носири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғофур Ғулом таваллудининг 115 йиллигига бағишлаб ташкил этилган адабий тадбирда шоир ижодининг ана шундай ўзига хос жиҳатлари, унинг авлодлар камолотидаги ўрни ҳақида сўз юритилди.

Кечада адабиётшунос олимлар, ижодкорлар, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, шунингдек, фахрий ва ёш китобхонлар иштирок этишди.

“Ғофур Ғулом ижодхонаси” деб номланган кўргазмада ижодкорнинг турли йилларда чоп этилган назмий ва насрий китоблари, таржималари, шоир ҳақида хотиралар, илмий-публицистик мақолалар жам этилди.

Фарғона давлат университети она тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Рустам Умрзоқов Ғофур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасида бир ўсмир бошидан кечирган воқеа ва ҳодисалар орқали жамият иллатлари, кирдикорлари очиб берилгани  хусусида фикр юритиб, Шум бола қиёфасида донишманд ёшдаги адиб сиймоси акс этганини таъкидлади.

Фахрий китобхон Ҳомиджон Юсуфий, марказнинг сектор мудири Муҳайё Мамадалиевалар  она халқининг меҳнатсеварлиги, танти ва бағрикенглигидан илҳомланган, турфа йўқотишлар, зилзила ва офатлардан, эрксизлик балосидан беҳад изтиробга тушган шоир руҳиятининг асарлардаги инъикоси ҳақида сўзладилар.

Фарғона давлат универсиети иқтидорли талабалари шоир ижодидан намуналар ўқишди. Фарғона санъат коллежи ўқувчилари “Шум бола” қиссаси асосидаги саҳна кўринишини намойиш қилдилар.

Озод Ватан орзуси билан ёниб, яшаб ўтган шоир руҳи бугунги адабиётга, ижод аҳлига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан, юксак китобхонлик муҳитидан шод кезаётган бўлса, не тонг.

Ғофур Ғулом кимлигимни биласиз,

Адресимдур Ўзбекистон, шубҳасиз

-дея фахр-у ғурур ва фарзандлик ҳисси билан сатр битган шоирнинг серқирра ижоди шу эл қалбида барҳаёт яшайди. Зеро, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов эътироф этганидек, Ғофур Ғулом ўзбек халқининг миллий ўз шоири эди ва шундай бўлиб қолади.