Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир

Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.  Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги томонидан ушбу ойни меҳр-оқибат, саховат, мурувват ойига айлантириш мақсадида чора-тадбирлар белгиланди.

Вилоятимизда расмий рўйхатдан ўтган 197 та масжидда таровеҳ намозлари ўқилади. 183 тасида Қуръон хатмлари ўқилади. Уларга тажрибали қорилар жалб қилинади. Вакиллик томонидан кам таъминланган оилаларга, Мурувват уйи, болалар уйларига, ногиронлар, якка-ёлғизларга ҳайр-эҳсон тадбирлари уюштирилади.

Барчамизга маълумки Рамазони шариф раҳмат ва мағфират ойидир. Халқимиз орасида ана шундай қутлуғ ойнинг  савобидан насибадор бўлиш умидида яшаётган саховатпеша, олийжаноб инсонлар жуда кўп. Улар муборак дақиқаларда маҳалла-кўй, қавм-қариндош, дўсту ёрларга меҳр-мурувват ёрдамини кўрсатсалар,  элнинг тинчлиги, фаровонлигига ҳисса қўшсалар айни муддаодир. Муқаддас ояти каримада “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, дейилади. Зотан, эзгу ишларни қанча кўп қилсак, Яратганнинг ўзи халқимизни турли балолардан, она-заминимизни қурғоқчиликдан, турли-туман табиат    офатларидан асрайди.

Уламолар яхшиликнинг ўн беш турини ифода этадилар. Улардан бири ўзи яхши кўриб турган молидан муҳтож қариндошларга бериш яхшилик бўлиш билан бирга қариндошлик алоқасини ҳам мустаҳкамлайди. Яна бири балоғатга етмасдан отаси вафот этган етим болаларга яхшилик қилишдир. Мискинлар, йўловчиларга , эҳсон ва ёрдам сўровчиларга мурувват кўрсатиш ҳам энг аъло амаллардир.

Рамазон ойида қўни-қўшнилар билан, дини, тили, миллатидан қатъий назар яхши муносабатда бўлиш, имкон қадар саховат намуналарини кўрсатиш керак. Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг талабидан келиб чиқиб бу йилги Рамазонда ифторликлар фақат хонадонларда, камтарона ўтказиш белгиланди. Тўйхона ва  ресторанларда, чойхоналарда қуюқ зиёфат бериб ифторлик қилиш, исрофгарчиликларга йўл қўйиш қатъиян ман этилади. Ифторлик таомлари кам таъминланган оилаларнинг болаларига, якка-ёлғиз, кексалар, беморларга тортиқ қилинса афзалдир.

Жойларда динимиз арконларини эъзозлаш, ёшларимизни она-юртга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш ҳам бу ойга ўзига хос мазмун бағишлайди.

Рамазон ойида маънавий-аҳлоқий қадриятларни қарор топтириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Оилалардаги муросасизликларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, адашганларга тўғри йўл кўрсатиш,  ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганларни қайтариш каби олижаноб ишларга бош-қош бўлиш маҳалла фаолларининг вазифасидир.

Алломалардан бири яхшилик қилган одамнинг умри узун бўлади, деган эди. Филҳақиқат Оллоҳ яхшилик эгасининг умрига умр қўшади, унинг яхшилигини фарзандларига мерос қолдиради, бу мерос зурёдларида абадул-абад давом этади. Муборак ойда яхшилик қилишга шошилайлик!

Алишер НАИМОВ

вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.