Ноқонуний бўшатилган ходим

Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши мутахассислари А.Тураходжаев, Ф.Ўринбоевлар томонидан фуқаро Ю.Мирзаеванинг у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.

Жамиятнинг 2017 йил 11 сентябрдаги 120-х-сонли буйруғига асосан Ю.Мирзаева билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандига кўра  меҳнат интизомини мунтазам бузилганлиги сабаби билан 2017 йил 11 сентябр кунидан бекор қилинган.

Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш  натижасида қуйидаги асосларга кўра Ю.Мирзаева билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикасида амалдаги меҳнатга оид қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда бекор қилинган.

Биринчидан; “Бешариқ пахта тозалаш заводи” акционерлик жамиятнинг 2017 йил 30 майдаги 105-сонли буйруғига асосан Ю.Мирзаевага нисбатан ходимларга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилмаганлиги учун “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.

Жамиятнинг 5 нафар ходимлари томонидан 2017 йилнинг 1 май кунги        1 май кунидан 31 июл кунига қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш тўғрисидаги  аризалари Ю.Мирзаевага 2017 йилнинг 15 май куни тақдим этилган.

Бундан кўринадики, иш берувчи томонидан ходимларни аризалари ёзилган санадан 15 кун кеч тақдим этилганлиги оқибатида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш ҳақидаги буйруқлар расмийлаштирилмай қолган. Ваҳоланки, ходим фақатгина қонуний буйруқ ва топшириқларни бажармаганлиги учунгина иш берувчи томонидан жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шунингдек, мазкур интизомий жазо чорасини қўллашдан аввал Ю.Мирзаевадан тушунтириш талаб қилиб олинмаган. Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 182-моддасига биноан, интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим.

Иккинчидан;  Ю.Мирзаева томонидан меҳнат интизоми мунтазам равишда бузилганлиги, жумладан 2017 йилнинг 1, 2, 21 август кунлари ишга келмаганлиги ҳолати тўлиқ текширилмаган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Бинобарин, Ю.Мирзаева 2017-йилнинг 2 август куни вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида бўлганлиги, 21 август куни эса, жамиятда ўтказилган касаба уюшма қўмитасининг йиғилишида бўлганлиги ҳужжатлар билан тасдиқланган.

Шунингдек, жамиятда юритилган ва расмий ҳужжат ҳисобланган, иш соатлари, иш кунлари ҳамда иш ҳақи ҳисоблаш учун асос бўлган иш вақти табелида Ю.Мирзаевага 1 ва 21 август кунлари 7 соатдан тўлиқ иш вақти белгиланиб, иш ҳақи тўланганлиги, унинг қайд этилган иш кунларида тўлиқ иш жойида бўлганлигини тасдиқлади.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 182-моддаси талабига кўра, интизомий жазо чораси қўллашдан аввал ходимдан тушунтириш хати талаб қилиш лозим бўлсада, Ю.Мирзаевадан 2017 йилнинг 1-2, 21 август кунлари ишда бўлмаганлиги ҳолати бўйича тушунтириш хати талаб қилиб олинмаган.

Бу ҳолатда, Ю.Мирзаева томонидан 2017-йилнинг 1,2,21 август кунлари прогул содир этилмаган ва у меҳнат интизомини бузмаган.

Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 181-моддасида иш берувчи ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учунгина интизомий жазо чорасини кўллашга ҳақли эканлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасида меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилиши ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши лозим бўлсада, меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг иккинчи қисми 3-бандига асосан бекор қилинган Ю.Мирзаевага огохлантириш хати берилмаган ёки компенсация тўланмаган.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 81-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмаслиги белгиланган бўлсада, иш берувчи томонидан ушбу талабга зид равишда фуқаро Ю.Мирзаеванинг меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига   кўра бекор қилинганлиги тўғрисида ёзув киритилган.

Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг 2017 йил 28 август 07/197-сонли қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномасини “Бешариқ пахта тозалаш заводи” акционерлик жамияти  иш берувчиси томонидан  қаноатлантириш рад этилган.

Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан мурожаат юзасидан тўпланган ҳужжатларга  ҳамда  Ўзбекистон Республикси Меҳнат кодексининг 9, 13, 81, 150, 181,182-моддаларига, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ  фуқаро “Ю.Мирзаевани ўз лавозимига ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи ундириш ҳақида” Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судига  даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2017 йил
9 ноябр кунги ҳал қилув қарори билан “Бешариқ пахта тозалаш” АЖнинг 2017 йил 11 сентябрдаги 120-х-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилиб,  фуқаро Ю.Мирзаева ходимлар бўлими бошлиғи вазифасига тикланди, уни мажбуран бекор юрган вақти учун  иш ҳақларни  ундирилди.

Суднинг мазкур қарори Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят апелляция суди томонидан 2017 йил 19 декабр куни кўриб чиқилиб, ўз кучида қолдирилди.

О.М.ҚОЗИХОНОВА,

вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари

бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими мудири.