Обод масканлардан шодумон кўнгиллар

Вилоят ҳокимлиги, Фарғона вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Al-Fergani Tur» фирмаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Дастур асосида Қувасой шаҳридаги 90-кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиларининг бир гуруҳи дастлаб “Ўзбекистоннинг ипак пойтахти” дея хорижликлар томонидан таъриф берилган кўҳна ва навқирон Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” фабрикаси фаолияти билан танишдилар. Миллий ҳунармандчиликнинг гўзал намуналари ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди.

Навбатдаги манзил Риштон туманидаги уста ҳунарманд Тоҳир Ҳайдаровнинг кулолчилик уй-музейи бўлди. Машҳур кулол кичик саёҳатчиларга ўз ҳунари сирлари, тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. Сополдан тайёрланган, инсон қўли билан яратилган мўъжизавий асарларни томоша қилиш ногиронлиги бор бўлган фарзандларимиз учун жуда завқли кечди.

Шунингдек, болаларда қадимий Қўқоннинг тарихий мероси билан сурдо (имо-ишора тили) таржимаси орқали танишиш имконияти туғилди. Худоёрхон ўрдаси, мажмуадаги мозий ҳақида сўз очувчи хоналар, экспонату кўргазмаларга мактаб-интернати ўқувчиларининг эътибори қаратилди.

Мен 5 йилдан буён имо-ишора тилида таржимон бўлиб ишлаб келмоқдаман, – дейди сурдо таржимони М.Раҳимов. – Ногиронлиги бўлган болалар учун меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш нақадар муҳимлигини яхши биламан. Саёҳат  ва эътибор  учун вилоят, Қўқон шаҳар ҳокимликларига, Фарғона вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси, шунингдек,  «Al-Fergani Tur» сайёҳлик агентлигига ўғил-қизларнинг самимий миннатдорчилигини етказаман.

Ички туризмни ривожлантириш, обод масканлар билан фарзандларимизни таништириш йўлидаги бу хайрли қадам ёш саёҳатчилар учун шодумонлик лаҳзаларини туҳфа этди.